UzAuto Қирғизистонда автомобил ва тижорат техникаларини ишлаб чиқаради
UzAuto қирғизистонлик ҳамкорлар билан биргаликда тижорат техникалари ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
Бу ҳақда Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес форумида эълон қилинди. Лойиҳа Қирғизистон Республикасида автомобил ва тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги битим доирасида амалга оширилади.
Қирғизистонда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ўзаро қизиқиш, шунингдек, UzAuto компаниясининг Қозоғистон ва Озарбайжонда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги ижобий тажрибасини эътиборга олган ҳолда, «Ўзавтосаноат» АЖ ва «ДТ Теchnik» МЧЖ вакиллари Қирғизистоннинг Чуй вилоятида автомобил ва тижорат техникаларини СКД (йирик ҳажмда йиғиш) усулида ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишади.
Лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилмоқда. Жумладан, у СКД (йирик ҳажмда йиғиш) усулида ва кичик ҳажмда ишлаб чиқаришни, шу билан бирга автокомпонентлар индустриясини ташкиллаштиришни ўз ичига олади.
Томонлар давлатлараро савдо алоқаларини, жумладан, автомобилсозлик саноатини ривожлантириш ва кенгайтиришда умумий манфаат ҳамда мақсадларга эга. Айни дамда «Ўзавтосаноат» АЖ Қирғизистон Республикасига автомобил ва тижорат ускуналарини экспорт қилмоқда. Ушбу ҳамкорлик икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга қизиқиш уйғотди. Натижада, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида қўшма лойиҳани амалга ошириш истаги пайдо бўлди.
«Ўзавтосаноат» Қирғизистондаги ҳамкорларга чуқур ҳурмат ва ишонч учун самимий миннатдорчилик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter