Тошкентдаги уч поғонали йўл ўтказгич тез орада фойдаланишга топширилади
Айни пайтда Тошкент шаҳрининг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент ҳамда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечими қурилиши қачон якунига етиши маълум қилинди.
Қурилиши 2018 йилнинг май ойида бошланган мазкур лойиҳа мамлакатимиздаги дастлабки уч поғоналик транспорт ечими ҳисобланади. Яна бир эътиборли томони шуки, унинг атрофида бирорта ҳам светофор бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши туфайли тирбандликнинг олди олинади. Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади. Туннелнинг кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги эса 5,5 метрни ташкил этади.
Лойиҳанинг иккинчи поғонасида 2 та йўл ўтказгич барпо этилиши билан умумий диаметри 329, 2 метрли халқасимон йўл ҳаракати ташкил этилмоқда. Учинчи поғонаси эса Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичдир. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч деворли қисмдан иборат.
Бугунги кунгача ишнинг 90 фоизидан ортиғи бажарилди. Учала поғонада ҳам бетон ётқизиш ишлари тугатилган бўлиб, ер ости ва эстакада йўналишининг икки томонига пиёдалар йўлаклари қурилди ва бордюрлар ўрнатилиб чиқилди. Айни пайтда лойиҳанинг учинчи поғонасидаги пиёдалар юрадиган йўлаклардаги бетон тўсиқларга кўркам металл конструкциялари ўрнатилиб, асфалт билан қопланмоқда. Шунингдек, электр энергияси тармоқлари ҳам тортилиб, ёритиш тизими ускуналарини ўрнатишга тайёргарлик жараёни бошлаб юборилди. Мазкур йўл ўтказгич битгач, тирбандликлар олди олиниб, ўтказиш имконияти соатига 21 мингтага етади.
Ҳозирда қурилишда 100 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган бўлиб, 50 га яқин замонавий техникалар жалб этилган. Мутахассисларнинг айтишича, тез орада лойиҳадан ўрин олган барча қурилиш ишлари якунланиб, уч поғонали транспорт ечими фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот-таҳлилий медиа маркази
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter