Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

«Таксичилар террорист эмас». Президент топшириғи салкам 1 йилдан буён бажарилмаяпти

«Таксичилар террорист эмас». Президент топшириғи салкам 1 йилдан буён бажарилмаяпти

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Бугун Дарётранс агентлиги ходимларининг лицензиясиз фаолият олиб бораётган таксичиларни ушлаш бўйича рейдининг видеосини кўриб қолдим. Матиздаги отахонни тўхтатиб, салондаги йўловчи опани роса эзиб саволга тутишди. Худди катта террористни қўлга туширгандай «пулга келишдингми, йўқми?» деб сўроқ қилишди.

Видеони кўриб, асабим бузилди, рости. Матиздаги отахон тўғри айтдилар, камбағалликни қисқартирамиз деб баландпарвоз гапларни ҳар қадамда айтамизу, лекин ҳалол меҳнати билан ўз кунини кўриб юрган инсонларни бюрократия ботқоғига итариб, кейин ўзимиз кўчаларда уларни «ов» қиламиз.

Бу ҳақда аввал ҳам кўп ёзганмиз (1, 2, 3, 4).

Ўтган йили 19 май куни Шавкат Мирзиёев 60 дан зиёд касблар қаторида таксистлар ҳам ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар сифатида даромад солиғидан озод қилинишини таъкидлаганди, аммо кейинчалик тасдиқланган касблар рўйхатидан негадир таксичилик тушиб қолди. Президент бу топшириқни берганига салкам 1 йил бўлди.

Ўтган йили сентябрь ойида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов таксичиларни тоифага қўшишга оид ҳужжатлар келишиш ва техник нуқтаи назардан чўзилиб кетаётганини таъкидлаганди. Лекин «ҳаракат қиляпмиз, 1-2 ойда бу масала ҳал бўлади» деганди. Орадан 7 ой ўтди, ҳалиям жимжитлик.

Мақсад нима? Таксичиларни ушлаш учун кўчаларда рейд қилиб, уларни жаримага тортиб, бюджетга пул туширтиришми? Ёки рейдда қўлга тушган таксичиларни қийнаб, 3-4 сўм пулини олиб, тирикчилик қилишми?

Таксичиларнинг айби нима? Кўчага чиқиб ўғрилик ёки босқинчилик қилмасдан, Россияга ишлашга кетмасдан, шу юртда ҳалол меҳнати билан халққа хизмат қилиб оиласини боқаётганлигими? Ёки берилган ваъдаларга ишониб, 1 йилдан буён «бизга енгиллик бериларкан» деб умидвор бўлиб юрганими?

Нега давлат раҳбарининг халқнинг маълум бир тоифасига енгиллик бериш ҳақидаги топшириғи 1 йилдан буён бажарилмаяпти? Бу топшириқни турли ташкилотлар ўз манфаатларини тиқиштиришга ҳаракат қилиб ортга сураётгани ортидан асосий эътирозлар бевосита давлат раҳбарининг манзилига қаратилишини ўйлаб кўришмасмикин? Йўқ, улар буни ўйламайди ва қўрқмайди. Улар халққа енгилликни эмас, ўз манфаатларини ўйлайди. Лекин улар кимлар? Янгиланишлар ва енгилликларга қарши чиқадиган, ислоҳотларни ортга сурадиган кучлар аслида ким? Нега биз уларни танимаймиз? Халқ билсин ўз «қаҳрамонларини».

Негадир бизда бюрократик тўсиқларни ўрнатиш учун 1 ой етарли бўлади, лекин уни олиб ташлашга йиллар кетади.

Ҳурматли масъуллар, ортиқча бюрократия сабабли кўчаларда ўн минглаб нолегал таксичилар юради, уларни давлат ҳеч қанақа назорат қила олмайди. Рейд қилиб, таксичиларни қон-қақшатиб жарима тортишдан маза қилаётган бўлсангиз, бу тўғри йўл дегани эмас. Ундан кўра, тартиб қанча енгиллашса, қонуний ишлайдиганлар шунча кўпаяди. Буни англашга катта ақл керак эмас.

Таксичилар террорист эмас. Улар ўзини-ўзи банд қилиб, оиласини тебратиб юрган Ўзбекистон фуқаролари. Уларга жиноятчидай қарашни тўхтатиш керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг