Қорайтирилган ойнали автотранспорт. Шароит барчага тенг бўлиши керак
«Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чоралари тўғрисида»ги қарор лойиҳасига муносабат билдирди.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистонда автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ҳақидаги жамоавий мурожаат «Менинг фикрим» порталида жойлаштирилган эди. 2018 йилнинг 15 июлига қадар мазкур мурожаатни қўллаб 12 минг 400 дан зиёд фуқаролар овоз бердилар. Ўрнатилган тартибга кўра, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини тўпласа белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Парламентга тақдим этилиши лозим.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чоралари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2018 йилнинг 28 июнь куни regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Таъкидланишича, ҳужжат лойиҳаси – транспорт воситалари ҳайдовчилари, жумладан республика ҳудудида меҳмон бўлиб турган сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитини, хусусан йилнинг ўртача 300 куни қуёшли бўлишини инобатга олганда ҳолда, транспорт воситаларида қорайтирилган ойналардан фойдаланиш ўринли ва кўплаб қулайликларга эга. Жумладан, транспорт воситаси салонидаги йўловчиларга ультра бинафша нурларнинг зарарли таъсирини қайтариш, иссиқ ва офтоб уришидан ҳимоя қилиш, тўғридан тўғри қуёш нури ва бошқа транспорт воситаларининг чироқ нурларидан кўз толиқишини олдини олиш ҳамда транспорт воситаси салонидаги мато ва қисмларнинг офтоб нуридан зарарланишининг олди олинади.
Шунингдек, қорайтирилган ойнали транспорт воситасининг салонига офтоб ва иссиқлик нурлари киришининг қисқариши билан йилнинг иссиқ фаслларида салқинликни сақлашга имконият беради. Натижада транспорт воситасининг совутиш тизимидан фойдаланиш заруриятини кескин камайтиради ва бу билан ёнилғи тежалиши, атроф-муҳитни ифлослантириш даражаси сезиларли даражада қисқаришига олиб келади.
Бундан ташқари, агар транспорт воситаси ойналарига махсус плёнка копламаси тортилса, автоҳалокат пайтида ҳам мазкур ойналар уқаланмайди ва натижада тўқнашув пайтида шиша бўлакларидан жароҳатланиш ҳолатининг олди олинади. Шунингдек, махсус плёнка ёпиштирилган ойналарни синдириш қийинлиги транспорт воситаларидан ўғирлик ва талончилик жиноятларининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга кўра, барча транспорт воситаларининг олд, ён ва орқа томондаги ойналарининг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоиз бўлиши шартлиги белгиланган. Бундай норманинг қўлланилиши учун жамоат тартиби ва хавфсизлик нуқтаи назардан қандайдир асослар бўлиши мумкин, лекин фуқароларга ноқулайликлар туғдиради.
Шу ўринда савол туғилади: Туси ўзгартирилган ойналарга эга бўлган транспорт воситалари иштирокида содир этилган йўл транспорт ҳодисалари ҳақида маълумот борми, ойнанинг туси ўзгартирилганлиги ҳайдовчига қандай таъсир ўтказади? Бу борада, афсуски, асослантирилган жавоб ва маълумот мавжуд эмас.
Қайд этиш жоиз, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат беришни тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Бугунги кунда мазкур қарор лойиҳаси интернет тармоғи фойдаланувчиларининг қизғин баҳс ва мунозараларига сабаб бўлмоқда. Биргина regulation.gov.uz порталида фуқаролардан 100 дан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушган.
Таҳлиллар натижасида мазкур ҳужжат лойиҳаси юзасидан қуйидаги энг кўп муҳокама қилинаётган масалалар аниқланди:
- транспорт воситаси ойнаси тусин ўзгартириш учун рухсат бериш учун тўлов амалга оширилиши, яъни бу хизмат бепул эмаслиги;
- туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситасидан фойдаланиш учун тўланадиган тўлов миқдорининг ўта юқорилиги ва фойдаланиш муддатининг қисқалиги.
- Маълумот учун, ҳужжат лойиҳасига кўра, ушбу хизматдан фойдаланиш учун тўлов миқдори:
- жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари, яъни 16 587 000 сўм;
- юридик шахсларга ЭКОИҲнинг 120 баравари, яъни 22 116 000 сўм;
- чет давлатларнинг юридик шахсларига ЭКОИҲнинг 140 баравари, яъни 25 802 000 сўм миқдорида қилиб белгилаш таклиф этилган.
Ўз навбатида, «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилаётган тартибнинг жорий этилиши фуқаролар томонидан эътирозлар келтириб чиқишини мукинлиги ҳақида фикр беради. Жумладан, аҳолининг барча қатламлари ушбу хизматдан молиявий сабаблар натижасида бирдек фойдалана олмаслигига олиб келади. Хусусан, белгиланган тўлов миқдори ўртача 2 млн. сўм ойлик маош олувчи ўқитувчи, шифокорлар ёки бошқа бюджет ташкилоти хизматчисининг 9 ойлик маошининг миқдорига тўғри келади. Пенсионерлар эса бу хизматдан деярли фойдалана олмади.
Норматив ҳужжат лойиҳаси аввалида таъкидланганидек, ҳужжат аввало транспорт воситалари ҳайдовчилари ва мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Шу ўринда ушбу тўлов миқдори ва муддатини белгилашдан кўзланган мақсад, тўлов қийматини асословчи омиллар, қўлланиш кўламининг тавсифи ва яна бошқа табиий саволлар туғилади.
Шунингдек, йилда бир маротаба туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш учун мурожаат қилиш – навбатдаги бюрократия омилларининг пайдо бўлишига олиб келмайдими?
Ушбу масалани янада кенгроқ таҳлил қилиш мақсадида хорижий давлатлар тажрибаси билан танишиш мумкин. Қатор ривожланган давлатлар, хусусан, орқа ва ён орқа ойналари 100 фоиз туси ўзгартирилган транспорт воситаларидан фойдаланишга Буюк Британия, Германия ва Испанияда рухсатнома рақамига ва ойна туси ким томонидан ўзгартирилганлиги ҳакидаги маълумотни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиш шарти билан, Бельгия, Чехия, Франция, Италия, Польшада эса туси ўзгартирилган ойна сертификатланган бўлиши шарти билан бепул рухсат этилади.
Бу ҳолат йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи сабаб ва омиллар сифатида умуман қаралмайди. Аксинча, транспорт воситасига кирадиган қуёш нурларидан ҳимояланишга, орқадан келаётган транспорт воситасининг чироқ нурларини қайтаришга қулай бўлиб, кўзга салбий таъсир ўтказмайди, кўриш имконияти чекланмайди.
Пуллик рухсат бериш тизими мавжуд бўлган мамлакатлардан қўшни Қирғизистон Республикасида транспорт воситаси орқа ва ён орқа ойналарини тусини ўзгартиришга рухсат олиш учун тўлов 200 АҚШ долларига тенг миқдорда ҳамда Тожикистон Республикасида 310 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилиши белгиланган.
Бу эса Ўзбекистонда таклиф этилаётган тўлов миқдори билан таққослаганда Қирғизистон Республикасидан деярли 20 бараварга, Тожикистон Республикасидан қарийб 7 бараварга қиммат дегани.
Ўзбекистонда туси ўзгартирилган ойналардан фойдаланиш, энг аввало, иссиқ иқлим сабабли мажбурият юзасидан транспорт воситаси фойдаланувчиларига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётганлигини инобатга олиш лозим. Шу нуқтаи назардан, ушбу хизмат барча учун қулай, ижтимоий тенглик тамойилидан келиб чиқиб, адолатли амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ойналарни қорайтиришга тўлов эвазига рухсат бериш асослантирилган ва лозим топилган тақдирда ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиш учун барчага тенг шароит яратиш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш учун белгиланадиган тўлов қийматининг юқорилиги иқтисодий жиҳатдан ушбу хизматдан фойдаланишдан келиб тушадиган маблағ миқдорининг камайишига олиб келади. Аксинча, тўлов миқдорини камайтирган ҳолда, хизматдан фойдаланувчилар сонини ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Марказ экспертларининг фикрича, мазкур ҳужжат кучга кириши билан туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситасидан рухсатномасиз фойдаланганлик учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш лозим. Амалдаги тартибга кўра, Ўз.Р. МЖтКнинг 136-моддасида кўзгусимон ҳамда тегишли стандартларни бузган ҳолда туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналар ўрнатилган транспорт воситасидан фойдаланганлик учун ҳуқуқбузар энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари, жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида содир этилганда ЭКОИҲнинг икки баравари миқдорида маъмурий жаримага тортилиши белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter