«Tesla» компанияси ёпилиб кетармиш. Бошланган йилда нималардан умид қилсак бўлади?
Ҳаш-паш дегунча 2017 йил ҳам адоғига етиб, ўз ўрнини 2018 йилга бўшатиб берди. Хўш, глобал ахборот технологиялари бозорида бошланган йилдан нималарни умид қилсак бўлади? Халқаро экспертлар бу борада аллақачон ўз хулосалари, тахминларини билдириб бўлишди, демак, уларга қулоқ тутамиз.
Қурилмалар
«Apple» «ўнинчи айфон»ини чиқарганидан кейин бошқа компаниялар ҳам юздан танувчи смартфонлар чиқариш тараддудига тушиб қолишди. Шу сабаб маълумотларни ҳимоялаш бобида бу йил кўп ўзгаришларга гувоҳ бўлсак ажабмас. Нафақат смартфонлар, балки тўлов тизимлари, банклар ва ҳоказо иловаларда. Дарвоқе, 2018 йили ижтимоий тармоқларда мобил қурилмалар орқали тўловлар жудаям урф бўлиши кутиляпти.
Киберхавфсизлик
Ахборот технологияларининг амалий тизимлар билан интеграциялашуви бардавом бўлади. Компаниялар нарсалар интернети маълумотларидан фойдаланишга зўр беришади. Амалдаги барча технологиялар бирлашаверади, шунинг учун ҳам аввалига, хавфсизлик нуқтаи назаридан, заифликлар юзага чиқиб қолаверади.
«Trend Micro» компаниясининг огоҳлантиришича, кибержиноятчилар хавфсизлик тизимларини айланиб ўтиш учун нарсалар интернети, сунъий тафаккур ва блокчейндан фойдаланишни авжига чиқаришади. Нарсалар интернети қурилмалари ҳозирча кўп талабларга жавоб бера олмаслиги боис хакерлар учун қайсидир маънода «қулфсиз эшик»ка айланиб қолади. Худди ўтган йилгидек, бу йил ҳам товламачи-вируслардан эҳтиёт бўлиш талаб этилади, қолаверса, компанияларнинг корпоратив ёзишмаларига кўз олайтирувчилар кўп бўлади.
Маркетинг
Интернет-маркетинг ҳам ўзгаради. Масалан, айни шахсларга қаратилган контентнинг истиқболи порлоқ. Битта сайт ҳар хил фойдаланувчиларга турлича таъсир кўрсатади. Агарда контент муайян гуруҳдагилар (сайтга биринчи кирувчилар ёки сайтдан аниқ бир хизматни қидираётганлар)га мослаштирилса конверсия ошади. Компаниялар сотув жараёнларини имкон қадар тезлатишга уринадилар.
Чат-ботлардан 2018 йили ҳам савдо соҳасида фаол қўлланилади. Мижоз маълумотлари асосида ишловчи сунъий тафаккур товар танлашда ҳатто жонли мулоқотчидан кўра фойдалироқ маслаҳат бериши ҳақиқатга яқинроқ.
Янги технологиялар
Бу йил ҳайдовчисиз бошқариладиган жуда кўплаб автомобиллар чиқиши кутиляпти. «Tesla» компанияси жуда фаол, қолаверса, яна кўплаб стартаплар бошқарув тизимлари учун хариталар ишлаб чиқишган. Шу ўринда қизиқ маълумот, «Bloomberg» экспертларининг ҳисоб-китобларига қараганда, маблағи тугаб қолиши оқибатида август ойида «Tesla» компанияси ёпилиб кетармиш. Бироқ электромобилларга олдиндан тушадиган буюртма пуллари компанияни бу фалокатдан асраб қолса не ажаб!
Ҳажми кичик, аммо сиғими катта хотира қурилмалари 2018 йил «шедеврлари»га айланса ҳам ҳайрон қолмаймиз. Бугуннинг талабиям шу-да: маълумотлар ҳажми тинмай ошяпти. Шу кетишда, IDC ва EMC компаниялари маълумотларига таянадиган бўлсак, 2020 йили 40 зеттабайт (4009 гигабайт) сиғимли хотира қурилмалари чиқади.
Ишланмалар
2018 йили ҳам ўтган йилги аксарият тенденциялар давом этиши кутиляпти. Дейлик, бу йил дастурлаш учун дастурлар яратиш авж олиши ҳақиқатга яқин. Ўтган йили «Google» машина ўрганишда инсондан қолишмайдиган сунъий тафаккур ишлаб чиққанди. Ҳозир бундай компаниялар сони жуда кўп ва ҳадемай уларнинг ишланмаларига ҳам гувоҳ бўламиз.
Сунъий тафаккурнинг тараққий этиши бизнес-таҳлилни тубдан ўзгартириб юборади. Жуда улкан маълумотлар базаларини қисқа фурсатларда таҳлил қила оладиган машина-компютерлар инсонларнинг яқин кўмакчиларига айланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter