Ҳайдовчининг маст ҳолатда эканини аниқлаш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори (173-сон, 12.04.2022 й.) билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу низомга ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби киритилди.
Мастлик ҳолати алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида аниқланиши мумкин. Текширув камида 2 та холис иштирокида амалга оширилади (кузатув камерасидан (body camera) фойдаланилган ҳоллар мустасно).
Текширувда этанол буғ 0,135 миллиграмм ва ундан кўп бўлганида ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирилади.
Шунингдек, транспортларнинг туси ўзгартирилган (тонировка) ойналари меъёрларига жавоб беришига аниқлик киритиш учун тауметр мосламасидан фойдаланилади.
Аввалроқ, янги қоидадан ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокацияси кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида танишиши мумкинлигига оид норма чиқариб ташлангани хабар қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter