«Ҳар куз-қишида шу бўлар такрор» – газ заправкаларда яна узун навбатлар юзага келмоқда
Фарғона вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари 2020 йил 19 ноябрь куни умуман фаолият кўрсатмаган. Бунга заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар сабаб бўлиши мумкин, дея хабар бермоқда «Дарё».
Қайд этилишича, Фарғонадаги 117 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб тонг соат 06:00 дан кеч соат 18:00 гача ишлаш режимига ўтказилган.
Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига ҳар куни соат 18:00 дан тонгги соат 6:00 гача газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган.
Сўнгги кунларда вилоятдаги газ заправкалар олдида навбатлар юзага келишни бошлаган. Айримларида эса кундузи ҳам газ етказиб беришда соатлаб узилишлар кузатилмоқда.
Ҳайдовчиларнинг маълум қилишича, турнақатор навбатлар туфайли автомобилга газ тўлдириш учун икки-уч соат, баъзида беш-олти соат вақт кетмоқда.
Газ қуйиш шохобчаларидаги чекловлар бошқа вилоятларда ҳам ўрнатилмоқда. Хусусан куни кеча «Hududgaz Sirdaryo» газ таъминоти филиали Сирдарё вилоятида шу йилнинг 1 декабригача ҳудудда жойлашган автомабилларга газ қуйиш компрессор шохобчалари (АГТКШ)га етказиб берилаётган табиий газ таъминоти кеч соат 19.00 дан эрталаб соат 07.00 га қадар чекланишини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter