Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бу «знак» мени таажжубга солди

Бу «знак» мени таажжубга солди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Блогер Фарҳод Файзуллаев Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг яқинда жорий этган янгилиги пиёдалар хавфсизлигини оширишга хизмат қилмаслигини изоҳлади ва ўз таклифларини билдирди.

Блогернинг ёзишича, сўнгги йилларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси пойтахт кўчаларидаги автомобиллар ҳаракатини тартибга солишга ҳаракат қиляпти. Аммо бу ҳаракатлар доим ҳам тўғри эмас.

Юқоридаги суратга қаранг – Тошкентдаги мактаблардан бирининг олдига янги йўл белгилари ўрнатилибди. ЙҲХББнинг фикрича, бу янгилик пиёдалар хавфсизлигини оширишга ёрдам беради.

Менинг фикрим: бу белги бир грамм ҳам ёрдам бермайди. Муаммога комплекс ёндашиш керак.

Авваламбор, бу йўл белгиси Йўл ҳаракати қоидаларида йўқ. Яъни, ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқ. Бемалол 70 юрсангиз ҳам сизни «штраф» қилишолмайди, чунки бундай «знак» қонунда йўқ-да.

Иккинчидан, ҳайдовчилар бу белгини танимайди, умрида кўрмаган. Шунинг учун унга риоя қилиши ҳам даргумон.

Учинчидан, йўл белгилари доим ҳам фойда беравермайди. Ўзбекистондаги йўл қоидалари бузилиш ҳолатлари, аксарият ҳолатларда, «знак» ёки светофорларни кўрмасликдан амалга оширилмайди. Ҳайдовчиларнинг қонун ва қоидаларга беписандлиги сабабли Тошкентда юриб бўлмайди.

Тўртинчидан, экспертлар фикрича, йўл белгиларини кўпайтириш улар самарадорлигини камайтиради, чунки ҳайдовчилар «знак»лар кўплигига ўрганиб қолади ва аҳамият бермайди. Ҳозир Европанинг илғор давлатларида белгиларни камайтириш устида иш олиб бориляпти. «Знак» бўлмаса, ҳайдовчилар йўлдаги устунлик кимда эканини билмай, секинроқ юради, дейишяпти мутахассислар.

Хўш, нима қилиш керак унда?

Биласизми, бизникилар кўпинча велосипед яратишни яхши кўришади. Бундай муаммолар дунёда ўз ечимини топиб бўлган, ўшаларни қўллаш керак, холос!

  1. Йўлларни, йўллардаги полосаларни торайтириш.
  2. Мактаблар олдига сунъий нотекисликлар ўрнатиш (суратга қарасангиз, узоқда шундай нотекисликни кўришингиз мумкин).
  3. Камералар ўрнатиш ва қоида бузганларни зудлик билан жаримага тортиш.
  4. Мактаблар олдидаги «зебра»лар олдига светофорлар ўрнатиш.
  5. Тирбандлик пайтларида йўл хавфсизлиги ходимларини сафарбар этиш.

ЙҲХББ сайтидаги хабарга қарасангиз, улар муаммога комплекс ёндашиш ҳақида ёзишяпти. Буни олқишлайман. Аммо бу «знак» мени таажжубга солди, деб ёзади блогер.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг