«Автотест» «ўйиндан чиқди». Энди нима бўлади?
«Автотест» юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолиятини тўхтатмоқда. Бу ҳақда компания расмий сайтида баёнот берилди.
«Автотест» юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолиятини тўхтатмоқда. Биз жамоамиз билан шу қарорга келдик. Бизнинг бош мақсадимиз пул ишлаш эмаслигини, бизда қадриятлар бошқа эканлигини шу билан намоён этмоқчимиз. Биз одамлардан қинғир йўл билан пул ишлашдан йироқмиз.
Бошқа автомактаблардан фарқли ўлароқ «Автотест» компанияси пайдо бўлганидан бери ҳали бирон марта даромад олгани йўқ. Ҳамма топилган даромад фақат ва фақат ривожланишга, янги замонавий мактаблар барпо этиш, дастурлар, янги технологиялар яратишга йўналтирилди. Бор куч ва меҳнат асосий бош ғоя — одамлар ўлимини камайтириш, йўлларда тартиб бўлишини таъминлаш ва ушбу соҳанинг ривожланиши учун сарф этилди.
«Автотест» бизнинг фарзандимиз. Биз унга бор юрагимиз ва меҳримизни бердик.
Ўтган давр мобайнида бизни ҳар куйга солишди. Йўлларда машиналаримизни тўсиб кулгу қилишди. Энди бунга йўл қўймаймиз. Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг.
Тан олиш керак, бугун кўчада аҳвол жуда ёмон. Интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда минглаб одамлар йўл транспорт ҳодисалари оқибатида вафот этгани ҳақида маьлумотлар чиқади. Лекин бирорта одам бунга қайғурганини, худди «Автотест»ни муҳокама қилганидек муҳокама қилганини кўрмадик.
Бизда қадриятлар бошқа. Бизда таҳсил олганларнинг биронтаси таълим сифатига, методига, яратилган шароитга эътироз билдира олмади, ҳеч бир ўқувчи шикоят қилмади, қилолмайди ҳам. Чунки биз халқ хизмати учун жонимизни бериб ҳаракат қилдик. Шу орқали бирор бир инсон ҳаётини сақлашга ҳисса қўшган бўлсак, йўлларда бизнинг битирувчиларимиз озгина бўлса-да тартибли ҳаракатланаётган бўлса, шунинг ўзи бизга катта бахт. Бизнинг ютуғимиз мана шу.
Ҳурматли юртдошлар! Биз, «Автотест» жамоаси барчангизга миннатдорчилик билдирган ҳолда, шу маълум қилмоқчимиз: «Автотест» компанияси юридик шахслар ҳайдовчиларини ўқитиш фаолиятини тўхтатади. Рўйхатга олиш жараёни ва барча мавжуд шартномавий мажбуриятларни амалга ошириш учун бир оз вақт керак бўлади. Биз таҳқирлардан чарчадик.
Биз эндиликда фақат ҳайдовчиларни тайёрлаш, методика ва қўлланмалар яратиш билан шуғулланамиз. Илтимос, «Автотест» номини ёмонотлиқ қилишни бас қилинг. У бизнинг фарзандимиз, уни хафа қилдириб қўймаймиз. Йўллардаги ҳолат, сотиб олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бу ишни қилган, қилаётган ҳайдовчилар, маъсул ходимларга қарши курашишга, минглаб ўлимларнинг олдини олишга курашишга даъват қиламиз. Эътиборингиз учун яна бир бор раҳмат, дейилади «Автотест» жамоаси мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Автотест»ни монополист корхоналар реестрига киритиш бўйича ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилаётганин маълум қилганди.
«Автотест»нинг юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар малакасини оширишдан воз кечаётгани мавҳум ҳолатни юзага келтирмоқда.
Хўш, энди нима бўлади?
2019 йилнинг 2 май куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунда барча юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларидан малака оширишдан ўтгани тўғрисидаги сертификати талаб қилиниши, сертификати йўқ бўлган тақдирда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида (ҳозирда 202730 сўм) жарима қўлланиши, мазкур қонун 3 ой вақт ўтиб, яъни 2019 йилнинг 3 август кунида кучга кириши кўрсатилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотига таянадиган бўлсак, бугунги кунга қадар юридик шахсларнинг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакаси ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия талабларига фақатгина «Avtotest Report» МЧЖ ва унинг ҳудудлардаги филиаллари жавоб бериши аниқланган.
Демак, «Автотест»дан бошқа автомактабларда юқоридаги қарор талабига жавоб берадиган лицензия ҳали йўқ. Юридик шахслар ҳайдовчилари сертификат олиш учун энди малакасини қаерда оширади? Бундай чигал вазиятда сертификат олишга улгурмаган юридик шахслар ҳайдовчилари 3 августдан жаримага солиниши мантиқсиз бўлиб қолмайдими?
«Автотест»нинг кутилмаган баёноти шундай қатор саволларни келтириб чиқарди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter