2021 йил якунлари: МДҲ автосаноати ўзини қандай намоён этди?
Яримўтказгичлар тақчиллиги ва глобал логистик инқироз сўнгги йилларда автосаноатга кучли таъсир кўрсатмоқда. Бироқ мамлакатлар қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қилишмоқда, хусусан, МДҲ таркибидаги давлатлар ҳам. Хўш, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар автосаноати учун 2021 йил якунлари қандай бўлди?
Россия
Ўтган йили Россия Федерациясида 1,5 млн.дан кўп автомобил ишлаб чиқарилди, бу 2020 йил кўрсаткичидан 10% юқори. Хусусан, енгил автомобиллар сегментида ишлаб чиқариш ўсиши тахминан 8%ни ташкил этди. Енгил автомобил ишлаб чиқариш 2021 йилда 1,34 млн.тага етди, ўтган йилги кўрсаткич 1,24 млн.га тенг бўлган.
Агар муайян заводлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Россия ва Шарқий Европада энг йирик енгил автомобил ишлаб чиқарувчи АвтоВАЗ 2021 йилда 343 512та автомобил ишлаб чиқарди.
Ўзбекистон
2021 йил якунларига кўра Ўзбекистон автосаноати автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқаришда мос равишда – 159% ва 107%, енгил автомобил ишлаб чиқаришда – 87% ўсишга эришди.
Жами бир йил ичида UzAuto Motors корхонаси 235 750та автомобил ишлаб чиқарди, Россиянинг бу энг йирик АвтоВАЗ заводидан 31%га кам.
Автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқариш ҳажми мос равишда 1002та (ўсиш суръатлари 159 %) ва 4462та бирликни ташкил этди (ўсиш суръатлари 107%).
Қозоғистон
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Қозоғистонда (https://akab.kz/avtoprom-rk-itogi-devyati-mesyaczev-2021-goda/ ) 63 559та барча турдаги транспорт воситаси ишлаб чиқарилди. Асосий ҳажмни енгил автомобиллар таъминлашда давом этмоқда – 55 016та бирлик. Барча ишлаб чиқарилган автомотранспорт воситаларининг ярмидан кўпи «СариаркаАвтоПром» улушига тўғри келади.
Беларусь
Ўтган ойнинг 9 давомида Беларусда 21 633 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилган, бу 2020 йилнинг худди шу даврига нисбатан 147,5%ни ташкил этади. Жами йил давомида 30 мингта автомобил ишлаб чиқарилган.
Озарбойжон
Озарбойжонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 2021 йилда 2043та бирликни ташкил этди. Бу ерда Нефтечала, Ганжа ва Нахичевонда учта автомобил ишлаб чиқарувчи завод фаолият олиб боради. Бироқ ҳозирги пайтда фақат Нефтечалада автомобил ишлаб чиқарилмоқда.
Статистикадан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, автомобил ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Ўзбекистон МДҲда иккинчи ўринни эгалламоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter