Зеленский Қрим борасида кескин баёнот берди
«Россия ҳар қанча зўр бериб уринмасин, мағлубиятга учраши муқаррардир. Агрессор на Қрим ва на Украинанинг бошқа қисмига эгалик қила олади». Бу ҳақда Украина раҳбари Владимир Зеленский қрим татарлари бадарға қилинганининг 79 йиллиги муносабати билан ўтказилган учрашувда гапирди.
Украина президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Қрим татарлари мажлиси вакиллари билан учрашувда шўро даврида содир этилган мудҳиш жиноят – геноцид асло унутилмаслиги таъкидланган.
«Юз минглаб одам бегона ўлкаларга сургун қилинган. Бутун бошли халқни бошпанасидан маҳрум этиб, Қримдаги жонли тарихни йўқ қилишга уринганлар», – деган В.Зеленский.
Украина президентига кўра, шўро ҳукумати қрим татарларининг деярли ярмини қириб ташлаган, омон қолганлари эса ўн йиллар мобайнида сургунда яшашга маҳкум этилган.
Сиёсатчи орадан вақт ўтиб, Қрим Россия томонидан яна босиб олинганини қайд этар экан, бу гал ёвузликнинг қўли баланд келмаслигига ишонч билдирган.
Зеленский билан мулоқотда қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилов ҳам қатнашган. У қрим татарлари Украина президентининг босиб олинган ҳудудлар озод этилмагунича Россия билан музокара ўтказилмаслиги хусусидаги баёнотига катта умид билдираётганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, бундан 79 йил олдин, 1944 йил 18 май тунида шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг фармони билан 250 мингдан зиёд қрим татарлари ватанидан бадарға қилинган эди.
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири саналган операция ўша йилнинг июнида якунланган. Туркий қавмнинг кўплаб мусибатларга дуч бўлган вакиллари асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан қўним топган. Шўро давлати қрим татарлари яриморолни тарк этгач, уларнинг тарихий хотирасини ўчиришга ҳаракат қилган.
1989 йилнинг ноябрида СССР Олий совети қрим татарларининг сургун этилишини жиноят деб тан олган.
2015 йили Украина Олий радаси ушбу тарихий фожиани расман геноцид дея эълон қилган.
Қрим 2014 йил 21 апрелда Россия томонидан ишғол этилганидан кейин ҳам маҳаллий аҳолига нисбатан босимлар бўлаётгани айтилади.
Аввал хабар берганимиздек, ушбу жафокаш миллат етакчиси, узоқ йиллар Ўзбекистонда яшаган Мустафо Жамилов тинчлик йўналишида Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter