Замонавий Исроил тарихида бундай ҳол кузатилмаган...
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу устидан суд жараёни яна қайта бошланди.
Маҳкаманинг илк куни прокурор Лиат бен Ари бош вазир ўз шахсий манфаатлари йўлида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланганини маълум қилди. Ҳукумат раҳбари ва “Ликуд” партияси етакчиси порахўрлик, тамагирлик, бюджет маблағини талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда ҳам айбланмоқда.
Тергов хулосасига кўра, сиёсатчи алоқа вазири лавозимида фаолият юритган пайтда “Bezeq” телекоммуникация концернига ҳуқуқий имтиёзлар берган. Бунинг эвазига ширкат назоратидаги оммавий ахборот воситалари Нетаняҳу фаолияти ҳақида ижобий мазмундаги материаллар эълон қилган.
Бош вазир, шунингдек, мамлакатдаги йирик ноширлик уйларидан бири — “Yedioth Ahronoth” раҳбарияти билан яширин музокара олиб борган. Нетаняҳу ноширлик уйи ҳукумат сиёсатини ижобий ракурсда тасвирласа, уларнинг рақобатчилари фаолиятини чекловчи қонун ҳужжати қабул қилишга ваъда берган.
Қайд этилишича, бош вазир ва унинг оиласи 2007-2016 йилларда америкалик Арнон Милчен ва австралиялик бизнесмен Жеймс Пакердан қимматбаҳо совға-саломлар ҳам олиб келган.
Нетаняҳунинг ўзи барча айбловларни рад этган ва суд жараёнин арвоҳ овига қиёслаган.
Аслида Нетаняҳу устидан суд жараёни 2020 йил 24 майида бошланган, аммо мамлакатда сайлов ўтиши муносабати билан маҳкама танаффус эълон қилган эди.
Бинямин Нетаняҳу бош вазир лавозимида судга тортилган илк сиёсатчи сифатида Исроил тарихига кирмоқда. Мамлакат қонунларига мувофиқ, ҳукумат раҳбари гарчи маҳкамага тортилаётган бўлса-да, ўз лавозимида қолиши мумкин. Аммо суд уни айбдор деб топса, вазифасидан бўшатилади. Айни чоқда, суд қоралув ҳукми чиқарган тақдирда ҳам апелляция жараёни узоқ муддатга чўзилиши мумкин.
Нетаняҳу 2020 йил 17 май куни бош вазир сифатида қасамёд қилди. Бу – сиёсатчининг ҳукумат раҳбари лавозимидаги бешинчи ваколат муддатидир. Аммо мамлакатда юзага келган сиёсий танглик ортидан жорий йил 23 март куни қайта парламент сайлови ўтказилди.
Суд жараёни янги ҳукумат шакллантириш жараёнига ҳам тўғри келмоқда. Яқин кунларда Исроил президенти парламент сайловида етакчи ўринни эгаллаган партия раҳбарлари билан маслаҳатлашув ўтказади. Ҳукуматни шакллантириш энг кўп овоз олган партия етакчисига топширилади. 23 март кунги сайловда Нетаняҳунинг “Ликуд” партияси 30 та депутатлик ўрнини олишга муваффақ бўлди. Аммо ҳукуматни шакллантириш учун Нетаняҳудан мухолиф партиялар билан коалиция тузиш талаб этилади. Агар партиялар ўзаро иттифоққа кела олмаса ва ҳукумат шакллантирилмаса, Исроилда сўнгги икки йилда бешинчи марта парламент сайлови ўтказишга тўғри келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter