Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Залужний кетмади, лекин унинг Зеленский билан муносабатлари кескинлашмоқда

Залужний кетмади, лекин унинг Зеленский билан муносабатлари кескинлашмоқда

Бир қатор ОАВларда тарқалган ахборотларга қарамасдан Валерий Залужний ҳанузгача Украина Қуролли кучлари бош қўмондони бўлиб қолмоқда.

Аммо Украина президенти Владимир Зеленский ҳақиқатан ҳам Залужнийни ишдан бўшатиш ниятида эканлиги ҳақидаги маълумотни сешанба куни Британиянинг Financial Times ишбилармонлик газетаси манбалари тасдиқлади.

Таъкидланганидек, душанба куни Зеленский Залужнийга янги лавозим таклиф қилган, бироқ у рад жавобини берган. Бу маълумотлар FT журналистларига мунозаралардан хабардор бўлган тўртта манба томонидан маълум қилинди.

Нашр манбаларининг қайд этишича, натижада Зеленский Залужнийни ишдан бўшатгани йўқ ва ОАВда бош қўмондоннинг лавозимидан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганидан кейин бир мунча вақт бу қадамни қўймаслиги ҳам мумкин.

Британия газетаси манбалари Зеленскийнинг идораси Залужнийни ишдан бўшатиш тўғрисида аллақачон қарор қабул қилганини даъво қилмоқда, бу ҳақда президент душанба куни бўлиб ўтган учрашувда бош қўмондонга маълум қилган.

Зеленский Залужнийга маслаҳатчи лавозимини таклиф қилган, генерал эса буни рад этган.

Залужнийни айнан қачон ишдан бўшатилиши ва унинг ўрнига ким келиши ҳозирча номаълум, деб ёзади муаллифлар. Бош қўмондон лавозимига эҳтимолий номзодлар орасида Украина Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Александр Сирский ва Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов ҳам бор. Уларнинг иккаласи ҳам Зеленскийга яқин, дейди муаллифлар.

Улар, шунингдек, Зеленский ва Залужний ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолаётганини ва ўтган йилнинг ноябрь ойида журналистлар ўзаро келишмовчиликлар ҳақида фаол хабар бера бошлаганини ёзишади.

Нашрда таъкидланганидек, Залужнийнинг ишдан бўшатилиши Украина зобитлари ва фуқаролик жамиятининг норозилигига сабаб бўлади.

FT экспертлардан бири, ҳарбий тарихчи Михаил Жироховнинг сўзларига кўра, бундай қадам армияга жуда салбий таъсир қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг