Японияда сайёҳлар учун солиқ жорий этилди
Япония ҳуқумати мамлакатни тарк этаётган сайёҳлар учун бугун, 7 январдан бошлаб солиқ жорий этди. Миқдори — 1000 иена (9 АҚШ доллари). Ушбу тўловни амалга ошириш учун хат-ҳужжат тўлдириши шарт эмас. Солиқ миқдори ҳаво ёки сув йўли транспортининг чипта баҳосига қўшиб юборилган.
Бундай солиқ тури икки ёшга тўлмаган болаларга, мамлакатни 24 соат ичида тарк этадиган хорижликлар, депортацияга тушганлар ва фавқулодда вазият сабаб япон диёрига қўнишга мажбур бўлганларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ҳукумат шу тариқа ғазнага тушган маблағни 2020 йилда Токиода ўтадиган Олимпиадага тайёргарлик ишларига сарфламоқчи. Ҳисоб-китобларга кўра, «сайёҳлар учун солиқ» йилиги 460 миллион долларни ташкил этади.
Маълумки, Японияда сайёҳлик яхшигина ривожланган. 2011 йилдаги зилзиладан сўнг меҳмонлар оқими кескин камайиб кетган бўлса-да, кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўрсатгичлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда мамлакатга 29 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган. 2018 йилда кунчиқар юртни қанча хорижлик зиёрат қилгани ҳақида расман маълумот эълон қилинмади ҳали, аммо рақамлар 30 миллиондан кам эмаслиги ишонч билан айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter