Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Японияда иш. Кунчиқар юртда 14 касб бўйича меҳнат қилиш имконияти ҳақида

Японияда иш. Кунчиқар юртда 14 касб бўйича меҳнат қилиш имконияти ҳақида

Фото: EPA

Япония ташқи ишлар вазирлигининг «Махсус малака» резидентлик мақоми тизими бўйича веб-сайти ишга туширилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради. Эътиборга молик жиҳати, «Махсус малака» тизими билан таништирувчи сайтнинг ўзбек тилидаги версияси ҳам мавжуд.

Япония ҳукумати 2019 йилнинг апрель ойида айрим саноат соҳаларида ишчи кучи етишмаслигини бартараф этиш мақсадида «Махсус малака» резидентлик мақомини жорий этди. Янги тизим мамлакатнинг муайян саноат соҳалари учун хорижлик малакали мутахассисларни саралаш, кашф этиш ва қабул қилишга қаратилган. Унга кўра, ҳамширалик парвариши, биноларни тозалаш, материаллар ва ишлов бериш саноати, саноат ускуналарини ишлаб чиқариш, электроника ва ахборот технологиялари соҳаси, қурилиш, кемасозлик ва денгиз машинасозлиги саноати, автомобилларни тузатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, техник кўрик ва техник хизмат кўрсатиш,  меҳмонхона, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик саноати ва аквакультура, озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат хизматлари саноати каби 14 та касб тоифаси бўйича иш таклиф этилади.

Талабгорлар камида 18 ёшда ва соғлом бўлиши, тайёргарлик ёки тренинг машғулотларсиз дарҳол иш бошлай олиш учун керакли кўникма ва япон тили бўйича билимга эга бўлиши керак. Касбий малака ва тил даражаси Япония ваколатли идораларининг интеграциялашган тест синови орқали аниқланади. Умумий қоида шуки, мазкур тизим бўйича номзодлар 5 йилгача ишлаши мумкин.

Японияда ишлашга рухсат берувчи бошқа резидентлик мақомларидан ушбу тизимнинг асосий фарқи шундаки, тегишли босқичлардан ўтиб Кунчиқар ўлкага борган хорижликлар иш берувчидан ҳам иш, ҳам яшаш борасида кенг қамровли ёрдам олиш имконига эга бўлади. Жумладан, япон жамиятидаги тартибот ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳақида йўл-йўриқ берилади, ижарага уй олиш, банк ҳисобини очиш, рўйхатдан ўтиш каби ҳаётий жараёнларда ёрдам таклиф этилади; япон тилини чуқурроқ ўрганиш имкони яратилади; зарур ҳолларда янги иш топишда кўмак кўрсатилади.

Виза олиш, малака ва тил имтиҳонлари, умуман, иш бошлагунча бўлган жараёнлар ҳақида 20 га яқин тилда батафсил маълумот берилган.

Моноэтник – бир миллатли давлат саналган Японияда иммиграция кўрсаткичи у қадар юқори эмас эди. Мамлакат ҳукумати эндиликда юзага келган ишчи кучи тақчиллигини хорижлик малакали мутахассисларни жалб этиш орқали ҳал этишни кўзламоқда.

Ҳукумат мўлжалига кўра, янги тизим орқали 5 йил давомида бир неча юз минг малакали ишчи-мутахассис жалб этилади. COVID-19 пандемияси ортидан чегаралар ёпилгач, дастурни тўлақонли татбиқ этишнинг имкони бўлмади. Таҳлилчилар эпидемиологик вазият яхшиланиши билан хорижлик малакали ишчилар учун Кунчиқар юрт эшиклари очилишига умид қилмоқда.

«The Japan Times» нашри маълумотига қараганда, 2020 йил охирида 125,8 миллион нуфусга эга Японияда 1,72 миллион хорижлик ишчи-ходим фаолият юритган. Хорижликлар улуши иш билан банд аҳолининг 2,5 фоизини ташкил этган. 

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг