Япония ҳарбий қудратини тиклашга киришди
Япония Иккинчи жаҳон урушидан сўнг биринчи марта ҳарбий қудратини тиклашни режалаштирмоқда. 16 декабр куни Япония миллий хавфсизлигига қаратилган учта янги ҳужжат тасдиқланди, деб хабар берди CNN.
Уларни бош вазир Фумио Кисида тақдим этди:
• миллий хавфсизлик стратегияси;
• миллий мудофаа стратегияси;
• мудофаа кучларини ривожлантириш режаси.
«Кунчиқар мамлакат»нинг мудофаа харажатлари икки бараварга оширилиши, минтақадаги рақиблар томонидан таҳдидлар ўсиб бораётгани ҳисобга олиниб, тинчликпарварлик руҳи билан суғорилган амалдаги конституцияга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
АҚШ ва Хитойдан сўнг, Япония жаҳондаги учинчи энг йирик ҳарбий бюджетга эга мамлакат бўлиши мумкин — келгуси беш йил давомида ҳарбий харажатлар учун 320 млрд АҚШ доллари сарфлаш кўзда тутиляпти. Бу пулларга ракеталар, зарба берувчи ва раведка мақсадларида фойдаланилувчи учувчисиз қурилмалар, кўринмас қирувчи-самолётлар, вертолётлар, оғир транспорт самолётлари, сувости кемалари ва ҳарбий кемалар харид қилиш режалаштирилмоқда.
«Янги чоралар Японияга муайян ҳолатларда ва фавқулодда вазиятларда бошқа мамлакат ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужум қилиш қобилиятини тақдим этувчи қарши зарба бериш салоҳиятини тақдим этади», — деди Фумио Кисида.
Иккинчи жаҳон урушидан мағлубият билан чиққан Япония 1945 йилдан сўнг қабул қилган конституцияга кўра, ушбу мамлакат қуролли кучлари фақат ўз ҳудудини мудофаа қилади, бошқа давлатларга ҳужум қилиши мумкин эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter