Хитойда болалар ўртасида номаълум хавфли касаллик тарқалди
Ғарбий ва Тайван оммавий ахборот воситалари Хитой шимолидаги касалхоналар болалар билан тўлиб кетгани ҳақида хабар беришди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитойдан болаларда номаълум пневмония авж олгани ҳақида қўшимча маълумот сўради, деб хабар бермоқда Reuters.
ЖССТ матбуот хизмати Хитой Халқ Республикаси Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси 13 сентябрь куни Хитойда респиратор касалликлар билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабар берганини эслатди. Кейин Хитой расмийлари буни антиковид чекловлари олиб ташланиши ва маълум грипп вирусларининг тарқалиши билан изоҳлади.
«ЖССТ Хитойга респиратор касалликлар ва болаларда пневмония эпидемиялари кўпайиши ҳақида батафсил маълумот бериш учун расмий сўров юборди», — дейилади ташкилот баёнотида.
Куни кеча The Telegraph нашри Хитой шимолидаги болаларда номаълум пневмония авж олгани ҳақида ProMed (дунё бўйлаб одам ва ҳайвонлар касалликлари тарқалишини кузатувчи) маълумотларига асосланиб хабар берди. Нашрнинг таъкидлашича, Хитой касалхоналари «касал болалар билан тўлиб кетган» ва эпидемия Пекин каби йирик шаҳарларга тарқалиб бўлган.
The Telegraph таъкидлаганидек, айнан ProMedнинг 2019 йил декабрь ойи охиридаги огоҳлантириши кўплаб шифокорлар ва олимларнинг эътиборини илгари номаълум бўлган, кейинчалик Sars-Cov-2 (COVID-19) деб аталадиган вирусга қаратганди.
Тайваннинг FTV News телеканали ҳам Пекин ва Лиаонинг касалхоналари касал болалар билан тўлиб кетгани ҳақида хабар беради. «Улар йўталмайди ва ҳеч қандай аломат йўқ. Уларда шунчаки юқори ҳарорат (иситма) бор, кўпчиликнинг ўпкасида тугунлар пайдо бўлади», — деди нашрга пойтахтликлардан бири. Пекинлик яна бир фуқаронинг айтишича, энди шамоллаш белгилари билан мактабларга келиш тақиқланган ва содир бўлаётган барча ҳодисалар «давлат сири»дир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter