Харадинай: «Албания ва Косово бирлашиши муқаррар»
Косово бош вазири вазифасини бажарувчи Рамуш Харадинай 22 ноябрь куни «Fax news»га берган интервьюсида миллий бирлашув (яъни Албания ва Косовонинг бирлашиши) муқаррардир деди.
Албания янгиликлар агентлиги «Telegrafi»нинг ёзишича, Харадинай Албания унга Косово қўшилганидан сўнг кучли бўлишини, аммо кучли Косовогина Албанияни кучли қила олишини таъкидлаган.
Косоволик сиёсатчи «Болқон мини-Шенгени» лойиҳасига ҳам муносабатини билдириб ўтди:
«Сербия бизнинг мавжудлигимизни инкор этяпти, бироқ одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини талаб қилади. Бизга «мини-Шенген» эмас, «Шенген» керак. Биз НАТО, АҚШ ва Европа иттифоқига юзланмоқчимиз. Сербия бизни тан олмас экан, «мини-Шенген»га кира олмаймиз. Охрид (Шимолий Македониядаги шаҳарча)даги учрашувга бир кун қолганида Заев (Шимолий Македония бош вазири Зоран Заев) Тачи (Косово президенти Ҳошим Тачи)га қўнғироқ қилиб, саммитга чақирган. Саммитга бир кун қолганида чақириш қанчалик тўғри?!».
Эслатиб ўтамиз, Ҳошим Тачи 10 ноябрь куни Ғарбий Болқон мамлакатлари етакчилари саммитида иштирок этмаслигини маълум қилганди. Саммитга, шунингдек, Босния ва Герцеговина ҳамда Черногория етакчилари ҳам келмаган. Саммитда қатнашган Албания, Сербия ва Шимолий Македония раҳбарлари «Болқон мини-Шенгени» лойиҳасини келгусида ривожлантириш бўйича декларация имзолашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter