Қозоғистонда ўзбекларнинг ички аъзоларини сотган бош шифокор қўлга олинди
Қозоғистонда Чимкент шаҳридаги шифохона бош шифокори полиция ходимлари томонидан қўлга олинди. У аъзоларни ноқонуний олганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати хабар тарқатган, деб ёзади «Regnum».
Чимкентда 1-рақамли шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори 18 ноябрь куни ИИВ тергов департаменти томонидан қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига жойланган. Дастлабки тергов давомида Қозоғистон ҳудудида жиноий гуруҳ ҳаракат қилгани, улар аъзолар трансплантацияси соҳасида ноқонуний фаолият билан шуғуллангани аниқланди.
Гуруҳ таркибида чет эл фуқаролари ҳам бўлган. Донор сифатида моддий шароити оғирлиги туфайли ўз аъзоларини сотишга мажбур бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Украина фуқаролари жалб этилган. Исроил ва бошқа узоқ давлатларнинг фуқаролари уларнинг аъзоларини сотиб олишган.
Терговчилар шифохона бош шифокори жиноий гуруҳ аъзолари билан тил бириктириб, катта пул эвазига ички аъзоларни кўчириб ўтказиш бўйича ноқонуний операцияларни амалга оширганини аниқлашди.
Қозоғистон Жиноят Кодексида назарда тутилган моддаларга кўра шифокор трансмиллий жиноий гуруҳда иштирок этганликда ҳамда одамларнинг аъзоларини ноқонуний олганликда айбланмоқда. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter