Урушдан қочиб қирқ йил ўрмонда яшаган киши жигар саратонидан вафот этди
Урушдан қочиб 40 йил ўрмонда яшаган 52 ёшли «вьетнамлик Тарзан» — Хо Ван Ланг жамият орасига қайтганидан саккиз йил ўтгач, жигар саратонидан вафот этди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.
1972 йилда АҚШ самолётлари ўша пайтда икки ёшли Хо Ван Ланг яшайдиган қишлоқни бомбардимон қилишган. Ҳужумлардан фақат у ва отаси Хо Ван Тхан тирик қолди. Улар душманлардан қочиб, ўрмонда яширинишга мажбур бўлишган. Шундай қилиб, оила Вьетнам уруши ҳали тугамаган деб ўйлаб, 40 йил ўрмонда яшаб келишган.
Ланг ҳеч қачон соатни кўрмаган ва электр борлигидан бехабар эди. У ўзининг ташқи қиёфасини фақат дарёда акс этиши билан тасаввур қилган ва ўндан ортиқ сонни ҳисоблай олмаган. У кўршапалаклар билан озиқланиб жон сақлаган.
Ланг бутун умри давомида ўрмонда отасидан ташқари, фақат беш кишини кўрган. Уларнинг орасида бирорта ҳам аёл йўқ эди.
Лангнинг отаси бутун оила аъзолари оламдан ўтганига ишончи комил эди, лекин бир куни унинг бошқа ўғли Хо Ван Чи тирик қолгани ва кўп йиллар давомида отаси ва акасини қидиргани маълум бўлди.
2013 йилда у отаси ва укасини Қуанг Нгай провинциясидаги Ча Син аҳоли пункти яқинидаги ўрмондан топиб, қишлоққа қайтариб олиб келган.
Ланг саккиз йил ривожланган жамият орасида яшади. 2015 йилда у тадқиқотчи, ўша пайтда одам яшамайдиган оролларга якка саёҳатлар уюштирган компанияда ишлаган Алваро Церезо билан учрашди.
Улар ўзаро дўст бўлиб қолишади ва бир сафар Церезо Лангдан ўрмонда бир ҳафта давомида қандай жон сақлашни ўргатишини сўрайди.
«У мен учрашган энг қизиқарли ва айни пайтда жуда ёқимтой одам эди. Биз бир ҳафта ўрмонда яшашга борганимизда мен бир соатда қилган ишларни у бир неча сонияда бажарди», — дейди Церезо.
6 сентябрда Ланг жигар саратонидан вафот этди. Тадқиқотчининг сўзларига кўра, цивилизацияга қайтиш ўрмонда ҳаёт кечиришга ўрганиб қолган вьетнамликларга ёмон таъсир қилган. У ўзи учун ғайриоддий овқатларни ейишни, ярим тайёр маҳсулотларни истеъмол қилишни ва ҳатто баъзида спиртли ичимликларни ичишни бошлаган.
«У энди биз билан эмаслигидан жуда афсусдаман. Аммо мен учун унинг ўлими ҳам озодликдир, чунки у сўнгги ойларда қанчалик азоб чекканини биламан»,— дейди Церезо.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter