«Уруш тугайди, ҳукумат алмашади...» – Монголиядан қўним топаётган россияликлар гуруҳига бир назар
Уруш қурбони бўлишни, эҳтимолки, айримлари қурол кўтармаган халққа ўт очишни истамаган россияликлар вақтинчалик қўним топиш учун жой танлаб ўтирганлари йўқ. Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Корея, Грузия... Россия билан ён қўшни бўлган Монголия ҳам бундай насибадан бебаҳра қолмаган.
Телеграммдаги «Монголия/Адаптация 03» гуруҳи айнан бу мамлакатга йўл олаётган ёки етиб бориб кўникма ҳосил қилишга киришган россиялик эркаклар (аёллар ҳам)га мўлжалланган. 28 сентябрь соат 11 ҳолатида гуруҳ аъзолари сони қарийб 6 мингтани ташкил қилди.
Бир қарашда гуруҳда энг кўп марта такрорланган савол-жавоб транспорт ва чегарада ўтиш билан боғлиқ. Соат нечада кетади, нечта жой бор? Нархи қанақа? Чегарада муаммо бўлмайдими? Қайси чегара пости қулайроқ?
Россияликлар, улар фақат руслар эмас, Монголияга яқин жойлашган Бурятия Республикасидан бўлган бурятлар ҳам асосан мамлакат пойтахти Улан-Баторда ўрнашишни афзал билишаётгани кўринади.
Ундан кейинги ўринда: жойлашиш мумкин бўлган ижара уйлари, меҳмонхоналар ҳақида гап кетади. Валютани қаерда айирбошлаш, қайси озиқ-овқат дўконларида нарх-наво арзонроқ, қаерда тиббий хизматдан фойдаланиш мумкин, кўчиб келгандан кейин энг зарур бўладиган – чойшаб, сочиқ каби буюмларни қаердан арзонроққа олса бўлади каби саволлар ва уларга жавоблар эътиборни тортади. Лекин айни вақтда баъзи саволлардан келиб чиққан суҳбатлар яхлит ҳикоя каби бир инсон ҳаётини, ўй-хаёллари, руҳиятини акс эттиради.
Иркустдаги ҳарбий комиссариат қарори ортидан...
«Салом! Биз Иркутск вилоятиданмиз, чегарадан чиқиб кета оламизми? Бу гап врачларга алоқадор» деб ёзади А. исмли киши.
Шу гапидан сўнг у қандайдир қарор фотонусхасини ташлаган. Иркутск вилояти ҳарбий комиссари Е.Фуженко имзоси билан тасдиқланган қарорнинг 2-бандида ёзилишича, ҳарбий хизматга алоқадор шахслар туман, шаҳар комиссариатлари рухсатисиз яшаш ҳудудларини тарк этиши тақиқланади.
«Нега?» деб сўрайди кимдир.
Шифокор асабийлашаётганини ундов белгиларида ифодалайди. «Сиз Ўқинг!!!! Иркутск ҳарбий комиссариати. Мен жўнаб кетсам нима бўлади?»
Семён унга ёзади: «Кўплаб дўстларингиз аллақачон чиқиб кетгандир. Кетмоқчи бўлсангиз, ортга суриб ўтирманг».
Шифокор Семёнга жавобан ҳуқуқшуносга мурожаат қилганини айтади: «Мен бугун ҳарбий коммиссариат юристига қўнғироқ қилдим. У жиноий иш очилади деди. Ёки шундай эмасми???» Негадир у 3 та сўроқ белгисини қўяр экан, «балки у атайлаб шундай деяптими» деб қўшиб ҳам қўяди.
«Агар сиз чақирув қоғозига қўл қўймаган бўлсангиз, ҳаммаси жойида», шифокорни тинчлантиради Семён.
Гуруҳнинг бошқа аъзоси эса «Чақирув қоғози қўлингизда бўлса, бормаганлик учун жарима 3000 рубль», деб маълумот беради. У «жиноий иш ҳақида врачларгача гап етган бўлса, жиноий ишларда қандайдир яширин ўзгариш бўлаяпти», дея тахминини яширмайди.
«Чақирув қоғози олмадим, хирург, анестезиолог ва травматологларга алоқам йўқ! Аммо барча врачлар ҳарбий мажбур, мен В гуруҳда хизмат қилмаганман!» деб ёзади шифокор.
«Ҳатто қўлингизда чақирув қоғози бўлганида ҳам, бу чегарадан ўтишга моне бўлмаслиги керак», деб таъкидлайди яна кимдир.
«Чегарада айримларга чақирув қоғозлари беришди, улар ўша қоғозларини қўлга олиб чиқиб кетишди», дейди жарима ҳақида юқорида гапирган суҳбатдош.
Александр деган киши эса янада тинчлантирувчи маълумот ёзади:
«21 сентябрда сафарбарлик эълон қилингандан буён бўйин товлаш, мажбуриятни бажармаслик ёки ҳарбий комиссириатга келмагани учун бирорта ҳам жиноий иш ёки КоАП (шу жумладан 21.5 модда бўйича) протоколи очилгани маълум эмас.
Агар сизни жавобгарликка тортишса, бу ҳақда қайноқ тармоққа хабар беринг. (https://t.me/army_help)».
«Сиз врач эканингизни айтманг» — куйинчаклик қилади Семён. — «Фақат тор доирадаги мутахассисларга имтиёз бор, менимча фармакологларга холос. Менда ҳам В. Чегарага томон тезроқ суринг ва ўтиб олинг».
Жарима нархини айтиб, мавзуга аралашиб келаётган Бато яна қўшимча қилади: «Ҳозирча қонун йўқ экан, ҳамма чиқиб кетиши мумкин. Фақат ҳужжатида муаммоси борларни тўхтатишади. Мен тўртинчи кун бу ердаман. Ҳар куни келаётганларни учратаман. Бугун элчихонада бўлдим, тўхтаб қолган йигитлар бор».
Бато тағин фикрини билдиради: «Афтидан буларнинг ҳаммаси маҳаллий ҳукуматнинг провакацияси, улар қатъий чораларни кутмоқда».
Шифокор саволидан аввалроқ бир йигит «Мени чегарада ўтказишмади. Мен армияда хизмат қилганман. Бундай ҳолат яна борми? Ёки бу ҳолат фақат мендами?», деб ёзган.
«Қайси чегарада?»
«Монголияга сайёҳлик автобусида ўтсангиз, ҳатто савол ҳам беришмайди».
«Назорат нуқтасидан ўтмайсизми?»
«Ҳаммани ўтказишади».
Александр деган аккуантдан мана бу хабар такрорланган: «Ҳали чегарадан ўтмаган эркаклар, шунингдек аёллар ҳам, шахсийга ёзинглар, чегарадан ўтишда ёрдам берадиган танишимнинг контактини бераман, гуруҳ тўплаяпти».
Бошқа аккуант ўзга чегара постидан ёзади: «Сайёҳлик автобусида 15 киши эдик. Шундан бир кишини чегарада олиб қолишди, сабаби чиқиш тақиқланади» деб ёзган.
Бир аёл ёш бола билан пиёда бўлганлари ва эри қайтиши учун поездга чипта борлиги учун чегарадан ўтказишганини маълум қилган. Унинг айтишича, қайтиш чиптасидан улар фойдаланмоқчи эмас, атайлаб энг арзон нархдагисини олишган.
«Аҳмоқона» саволларига доно жавоблар
Гуруҳда эркаклар қатори аёллар ҳам фаол. Улар яқинлари учун хавотирда. Савол қўйилишидан бу шундоққина сезилиб туради. Ксюша исмли иштирокчи гапини узр билан бошлайди:
«Болалар, аҳмоқона савол учун узр-ку, уруш тугагандан кейин мамлакатдан чиқиб кетганлардан ҳеч ким қайтмайдими? Қайтса, тўғри панжара ортига тушадими?»
Л.Б: «Уруш тугайди, ҳукумат алмашади. Амнистия эълон қилишса керак».
Махх: «Ҳамма қайтади, ҳар ҳолда кўпчилик қайтади».
Роман: «Қаердан бу фикр келди? Мен ўйлайманки, истовчилар қайтади, ҳаммаси ўрнига тушади».
Ксюша: «Чунки заҳирада. Қочган бўлиб чиқамиз. Дезертирлик. Шундай эмасми? Балки янглишаётгандирман».
Роман: «Сизларни қўйиб юбордими, демак ҳаммаси жойида. Агар режада айнан сизлар бўлганингизда, чегарадан ўтолмас эдингиз. Яқинда ҳаммаси унутилади ва сиз ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайсиз. Бу менинг фикрим албатта».
Саша: «Такрорий чақирув қоғози олмагунча жиноий жавобгарлик йўқ. Иккинчисини эса топшира олмайди.
РФда ҳозирча бунақа қонунлар йўқ. Чақирув қоғозини олмадинг, ҳарбий вазият йўқ, хорижга чиқишга тақиқ йўқ, нима учун қамоққа олишади?»
«Меҳмонда иззатингизни билинг!»
Шифокорнинг иккиланиши, Кюшанин кўз ёшлар билан ёзган ҳасрати ортидан савол-жавоблар орасида кимлардир яшаш учун манзил ҳақида савол ташлаяпти, ким ёрдам сўраяпти: «Одамлар, ёрдам беринглар! Мен, хотиним, 2 ёшли болам, Хабаровскдан келаётган эдик машина бузилиб қолди. Биз ШИМАНОВСКдамиз. Соловьевскда чегарадан ўтиш мумкин дейишаяпти».
Бир неча дақиқадан сўнг йўлда қолган оилага ҳам йўл-йўриқлар ёғилади. Чатда ҳамма бир-бирига меҳрибон, бир-бирига аччиқ-тизиқ мулоҳазалар мутлақо кўзга ташланмайди. Аммо айрим хабарлар ҳалитдан россияликлар ва монголияликлар ўртасида ўзига хос зиддиятлар пайдо бўлаётганига ишора қилади.
Дарима Содномова: «Бизнинг болаларимиз монгол йигитларни уришган. Биттаси оғир аҳволда. Иккита ҳолат. Бурятлар, биз бу мамлакатда меҳмондамиз, сиз туфайли ҳамманинг номига доғ тушади ва барча жавоб беришига тўғри келади. Эҳтиёткор бўлинг. Бугун монгол дўстларимиз айтишди. Жуда уятли!»
Бурятинадан Валентина Романова эса Монголияга кетган миллатдошларига қарата мурожаат қилган:
«Салом. Жамоат тузинглар, бошлиқ сайланглар, муаммоларни ечинглар, сиз маълумотлисиз. Биз сизни миллатни сақлаш учун жўнатдик, ўзларингизни муносиб тутинг.
1) ичманглар, барма-бар юрманглар;
2) сизнинг бу ерда хотингиз, опа-сингилларингиз, онангиз, фарзандларигиз қолганини унутманг;
3) бир-бирларигизга ҳурмат билан муносабатда бўлинг, бир-бирингизни қувватланг;
4) меҳмонда эканингизни унутманг;
5) бир-бирингизни алдаманг, ўзингиздаги кибрни унутинг;
6) ишдан қўрқманг, ҳар қандай ишга киришаверинг, жумладан, ватанда қандай ишни бажарган бўлсангиз шу иш билан шуғулланинг.
7) кимнинг қўлида сармояси бўлса, иш ўринлари яратинг, ҳозирча нимадир қилолмаётганлар учун ҳам иш жойи очинг.
Бирлашинг, ишланг, бир-бирингизга ёрдам беринг.
Биз сизнинг рафиқаларингиз, опа-сингилларигиз, оналарингиз сиз ўзингизни муносиб тутишингиз, ишончимизни қозонишингизга умид қиламиз. Сиз – бизнинг келажагимиз!»
Гуруҳда Монголия орқали бошқа давлатларга ўтиш йўллари ҳақида ҳам сўрашган. Масалан, биттаси Улан Удедан Қозоғистонга қайси йўл билан бориш ҳақида маслаҳат сўраган. Гуруҳнинг бошқа аъзоси эса бунга жавобан «Қозоғистонда ҳамма нарса қиммат ва русларга ёмон муносабатда бўлишади. Монголияда бу масалада супер мамлакат!» дейди.
«Улар менга ҳеч ёмонлик қилмадилар»
Гуруҳга мана бу илова тиркаб қўйилган. Боксчи Муҳаммад Алининг айтганлари гуруҳнинг шиори каби қўрилаётгани илғанади.
1967 йил 19 июнда Муҳаммад Алига армиядан бўйин товлаш айби билан жиноий иш очилди ва судга тортилди. Ўшанда 25 ёшли боксчи шундай нутқ сўзлади:
«Мен вьетнамликлар билан жанжаллашмадим, вьетнамликларга қарши бирор эътирозим йўқ. Улар менга ҳеч бир ёмонлик қилмадилар, мен н**р деб айтмадилар, ҳуқуқларимни чекламадилар, мени айириб қўймадилар. Мени қамоққа юбормоқчимисиз, марҳамат. Аммо мен 10 чақирим йўл босиб бу бечора инсонларни ўлдириш учун бормайман. Яхшиси мен қамоқда ўтираман ва сизлар билан курашиб ўламан. Айнан сизлар менинг озодлик томон йўлимга тўғаноқ бўлдингизлар, менга бошқалар билан тенг бўлишни раво кўрмадингизлар, менинг диний ҳуқуқимни ҳурмат қилмадингизлар. Вьетнамликларга эса ҳеч қандай эътирозим йўқ»
***
Гуруҳ кенгайиб бормоқда. Табиийки, савол-жавоблар қамрови ҳам. Миграция хизмати идораси қаердалиги, виза муддатини қандай чўзишдан тортиб чегарадан жониворни ўтказишдаги талаби, электрон сигарета қисмларини қаердан олиш, ишлатилган компьютерни қаердан харид қилиш, таржимонга эҳтиёж пайдо бўлаётгани каби саволларга ҳам ўрин топилган. Ижара уйлар таклиф қилинган фотолавҳалар ҳам такрорланиб турибди. Эндиликда, «Ҳосилни йиғишга 6 нафар ишчи керак, фалон корхонага мутахассис ёки ёлланма ишчи лозим» сингари эълонлар ҳам пайдо бўлган. Шунингдек, Жанубий Кореяга ишга таклиф қилинган рекламалар эълон қилиняпти. Админ ўта ночор аҳволда қолганлар алоқага чиқишини таклиф қилиб бораяпти.
Ҳарбий сафарбарлик эълон қилгани ортидан Росссиядан чиқиб кетаётган ва кетганлар бошқа давлатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам бирлашиб телеграмм гуруҳлар очишган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter