Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Университетлар «контракт тўловлари»ни камайтирмоқда — АҚШ

Университетлар «контракт тўловлари»ни камайтирмоқда — АҚШ

Фото: EPA/UPG

Ўз талабаларига масофавий таълимга ўтишни таклиф этаётган Америка университетлари жамоатчилик ва талабаларнинг босимига дуч келяпти — улар таълим учун тўлов пулини камайтиришни талаб қилишяпти.

Масофадан ўқитишга ўтиши муносабати билан Жоржтаун университети, жамоатчилик ва талабалар босими остида, тўлов пулини 10 фоизга қисқартирди. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.

Қарийб икки минг нафар талаба университет раҳбариятига петиция киритганди. Петицияда масофадан ўқитиш факультатив ёки амалий машғулотлар қисқариши ёки бекор қилиниши, талабаларнинг университет кампуси ресурсларидан фойдаланиш имконияти кескин қисқаришига олиб келиши таъкидланган. Шунга қарамай, университет йиллик 58 минг долларлик тўлов тартибини сақлаб қолганди.

Петиция муаллифларининг назарида, бундай шароитда 58 минг доллар талаб қилиш бориб турган талончилик.

Талабаларнинг «исёни» ошкор бўлиб кетгач, университет раҳбарияти тўлов пулидан 10 фоизини чегириб ташлашга мажбур бўлди. Принстон университети ҳам худди шундай чегирмани июль ойи бошида татбиқ этганди.

«Масофавий таълим билан кампусдаги таълим ўртасида фарқ борлигини, албатта, тушуниб турибмиз», — иқрор бўлганди Принстон университети президенти Кристофер Айсгрубер.

Массачусетсдаги Уильямс коллежи барча йиғимларни 15 фоизга, таълим пулини эса 10 фоизга қисқартирган.

Нуфузли университетлар эса ён бермоқчи эмас: Гарвард университети тўловлар камайтирилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмаслигини маълум қилган, Йель университети эса йиллик тўловни 55,5 мингдан 57,7 минг долларга оширган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг