Украина ёз охирида Қримни қайтариб олиши мумкин – АҚШ генерали
Жорий йил август ойи охирида Украина қўшини Россия ишғоли остидаги Қрим яриморолини озод қилиши мумкин, деб ҳисоблайди АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес.
АҚШ генерали DW нашрига интервьюсида Украинанинг ҳарбий муваффақияти Ғарб томонидан узоқ масофага аниқ нишонни олиш имконини берувчи қурол-аслаҳа етказишга боғлиқлигини қайд этган.
«Украина бош штаби қулай об-ҳаво шароитида қарши ҳужумни амалга ошириш учун пухта ҳозирлик кўрди. Об-ҳаво шароити деганда ер қуруқ бўлиши назарда тутилмоқда. Муҳими, улар (Украина қуролли кучлари – таҳр.) логистикани йўлга қўйиш учун етарлича машқлар ўтказиши лозим. Ўйлайманки, ўта профессионал ва жуда маҳсулдор ҳужумга гувоҳ бўламиз», – дейди Бен Ҳожес.
Қайд этилишича, Россия армияси қурол-аслаҳа етишмовчилиги сабаб «Бен Ҳожесга тенгдош», яъни 65 йиллик қуролларни захирадан олиб ишлатишга мажбур бўлмоқда.
Аввалроқ генерал Ҳожес Ғарб мамлакатлари Украинага ҳарбий кўмакда фаоллик кўрсатмаса, Россия устидан ғалаба ортга сурилишидан огоҳлантирган эди.
Ўтган ҳафта Украина президенти маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Киев 5-7 ой ичида Қримни қайтариб олиши ва Россия томонидан қурилган кўприкни бузиб ташлаши ҳақида баёнот берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter