Twitter ва президент Трамп орасидан ола мушук ўтди (фото)
Анъанага кўра Xabar.uz муштарийлари эътиборига ҳафта давомида рўй берган 7 муҳим ҳодиса ҳавола этилмоқда.
1. Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги Москвага нота йўллади. Гап шундаки, Россия ТИВ Сергей Лавров Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара зиддияти кескинлашаётгани ҳақида гапириб, томонларни куч ишлатишдан воз кечишга чақирган эди. Расмий Душанбе бунга жавобан Қирғизистон билан чегара низоси мамлакатнинг ички иши экани ва бу масала учинчи томоннинг иштирокисиз ҳал этилишини эслатди. Cуратда: ташқи ишлар вазирлари Сирожиддин Аслов (Тожикистон) ва Сергей Лавров (Россия). Фото: «ТАСС»
2. Twitter ҳамда президент Дональд Трамп ўртасида низо чиқди. АҚШ раҳбари Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида Калифорния штатида почта орқали овоз бериш жараёнида алдовга қўл урилгани ҳақида ёзув қолдирди. Ижтимоий тармоқ президентнинг қайдларини «ишончсиз ахборот» деб баҳолади. Twitter маъмурияти, шунингдек, Д.Трамп томонидан Миннеаполисдаги норозилик намойишлари юзасидан берилган баёнотга (Оқ уй раҳбари мародёрлик қилганлар ўққа тутилиши мумкинлигига ишора қилган) зўравонликни оқлаш дея эътироз билдирди. Сўзи ерда қолганидан ғазабга минган президент Twitter маъмуриятини сўз эркинлигини бўғишда айблади.
3. Германия қуролли кучларининг махсус топшириқлар бўйича бўлинмаси (Kommando Spezialkräfte – KSK) таркибида радикал қарашдаги ҳарбийлар борлиги маълум бўлди. Хабарларга қараганда, экстремистик кайфиятдаги аскарлар Адольф Ҳитлер ғояларини қўллаб-қувватлаган ва нацистлар рамзларидан фойдаланган. Югославия, Афғонистон каби қайноқ нуқталарда энг хавфли топшириқларни бажариб шуҳрат қозонган гуруҳ таркиби эндиликда жиддий тафтиш этилиши кутилмоқда. Фото: «dpa»
4. Япониянинг «Nissan» автомобиль ширкати коронавирус пандемияси келтириб чиқарган молиявий инқироз ортидан Барселонадаги заводини ёпиб, 2800 чоғли ходимни бўшатишга қарор қилди. Бундан норози бўлган юзлаб ишчилар машина баллонларини ёқиб норозилик намойиши ўтказди. Фото: «AP»
5. Пандемия шароитида Италия Республикаси эълон қилинганининг 74 йиллиги оммавий тадбирларсиз ўтди. Мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари миллий байрам муносабати билан учоқлар шоусини намойиш этди. Фото: «Getty Images»
6. Икки ярим ой давом этган танаффусдан кейин Туркиядаги жомеъ масжидларда илк бор жума намози ўқилди. Мусулмонлар фарз намозини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўзаро масофа сақлаб адо этдилар. Фото: «AA»
7. Сиртдан ювош ва вазмин кўринган буғулар кези келганда баджаҳл жониворга ҳам айланади. Дарем графлиги, Англия. Фото: «Reuters»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter