Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркманистон пешқадам эмас — ўзига ҳайкал қўйган президентлар

Туркманистон пешқадам эмас — ўзига ҳайкал қўйган президентлар

Ҳам Шарқ, ҳам Ғарб мамлакатларида президентларнинг ёрқин хотираларига бағишлаб ҳайкал бунёд этиш урфга кирган. Албатта, президентлар оламдан ўтганларида уларнинг миллат олдидаги улкан хизматлари хотирланиб, ёдга олиниши табиий ҳол. Аксинча бўлса-чи? Президентлар ҳаёт бўла туриб, ўзларига ҳайкал ўрнатишни лозим топишлари кўп бўлмаса-да, учраб туради.

Ҳаётлиги пайтида ўзига ҳайкал ўрнатган ва ўрнатаётган президентларнинг ТОП-рўйхатини тузишга уриниб кўрамиз. Кичик изланишимиз аввалида ушбу рўйхатнинг бошига Туркманистон лойиқ, деб ўйлаган эдик, аммо унинг натижалари Қозоғистон эканини кўрсатди.  

Қозоғистон

1991 йилдан то 2019 йилгача Қозоғистон президенти бўлган ва ҳозирда ҳам Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида мамлакат ташқи ва ички сиёсати йўналишини белгилаб келаётан Нурсултон Назарбоевга у лавозимдалигидаёқ ҳайкал ё бюстлар ўрнатиш урф бўлган экан.   

  1. 1991 йилда таъсис этилган Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-турк университети ҳудудига Назарбоев бюсти ўрнатилган.
  2. 1996 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон мустақиллигининг 5 йиллиги муносабати билан Манқишлоқдаги қадимий сағаналар устига қўйилган қулфитошларни эслатувчи 28-метрлик найзасимон Алмати шаҳрида очилган Мустақиллик монументи мажмуаси пойқадамида президент кафти туширилган китоб ўрнатилган. Ушбу ёдгорликни қуриш ғояси 1993 йилда Назарбоев Луксор  обидалари (Миср)га қилган ташрифидан илҳомланиб, унга ҳамроҳлик қилган шаҳар меъморлари таклифи билан туғилган. Одатда таржимон-гидлар сайёҳларга кимда-ким қўлини бу кафт изларига солиб суратга тушса, омад унга кулиб боқиб, истаги рўёбга чиқишини айтишади. У ҳозирга қадар шаҳарнинг деярли барча ёш келин-куёвлари тавоф қиладиган жойга айланган. 2007 йилга келиб қизиқ воқеа юз беради – президент қўл излари туширилган истаклар китобини ўғирлаб кетишади. Ғанимларни топиш учун энг топқир терговчилар сафарбар этилади. 80 килолик бронзали китобни топган кишига 120 минг танга мукофот пули ҳам ваъда қилинади. Аммо у бир ойча ўтиб дарё қирғоғидан топилади.
  3. 1997 йилда Қозоғистон ўз пойтахтини Алматидан Остонага кўчириши асносида шаҳарни томоша қилиш майдончасига эга 97-метрлик Астана-Байтерек минораси қурилган. Унда президент Назарбоевнинг ўнг қўли излари туширилган «ғамхўр кафтлар» номли бадиий композицияси бор.
  4. 2009 йил октябрда Остона шаҳрида 11 гектарлик майдонда Қозоғистоннинг ўтган асрнинг 91-йилида эълон қилинган мустақиллик шарафига 91 метрдан иборат «Казак Елі» мажмуаси барпо этилган. Тўрт ёдгорликдан бирида Назарбоев гавдалантирилган барельеф ҳам бор. Унда Қозоғистон халқи қуршовида қўлини Бош қомусга қўйиб қасамёд қилаётгани тасвирланган.
  5. 2010 йил октябрда Қарағанда вилоятининг Темиртау шаҳрида тўнғич президентнинг Тарихий-маданий маркази очилиб, унда металлургларга бағишланган икки хизматчи ҳайкали ўрнатилган. Элбоши, қозоқ тилида Елбасининг қиёфасига ўхшаб кетувчи улардан бирида ўтган асрнинг 60-йилларида Назарбоевнинг ёш металлург кадр сифатида тобланиш даври акс эттирилган.
  6. 2011 йил ноябрда Алматида Қозоғистоннинг тўртта – Шаҳарсозлик, Меъморчилар, Дизайнерлар ва Рассомлар уюшмаларининг ташаббусларига кўра мамлакат мустақиллигининг 20-йиллиги муносабати билан «Қазақстан» меъморий-ҳайкалтарошлик мажмуаси очилган. Композиция марказида Элбоши, унинг ортида икки қаноти Алмати ва Остона шаҳарларини гавдалантирувчи бургут тасвирланган. Ҳайкал Қозоғистон Республикасининг тўнғич президенти боғида жойлашган. 
  7. 2014 йилнинг мартида Остонада Биринчи президент кутубхонаси очилиб, Н.Назарбоевнинг мамлакат конституцияси ёзилган матн ёрлиқ варағини ушлаб ўтирган ҳайкали ўрнатилган.
  8. 2016 йил 30 ноябрда Жетису фахрийлари, вилоят маслиҳати депутатларининг талаб ва илтимосларига кўра Алмати вилоятининг маъмурий маркази Талдиқўрғонда Элбошининг пойдевори 4,5 баландлиги эса 4,2 метр бўлган бронзали ҳайкали тантанали очилган.
  9. 2017 йил декабрда Н.Назарбоев туғилган Шамалғон қишлоғида (2017 йигача Ушконир деб аталган) «Атамекен» номли ёдгорлик музейи мажмуаси ташқарисида Н.Назарбоевнинг ўриндиқда ўтирган ҳолатида, ичкарисида эса қуш олдидаги ҳайкали ўрнатилган. 
  10. Ҳайкаллар орасида энг эътиборга молиги бу 2018 йил июлда Остонадаги Миллий музейга ўрнатилган Назарбоев ҳайкалидир. Унда Нурсултон Абишевич миллий нақшлар билан безалган ўриндиқда назари олисларга чўмган ҳолатда ўтиради. Унинг ортидаги деворда қозоқча лотин ёзувида «Менинг армоним – Қозоғистоннинг мангулик эли бўлиши. Замон ўтади, одамлар ўтади, бироқ истиқлол қолади», деб ёзилган. Мангу эл – ҳозирги замондаги Қозоғистоннинг умуммиллий жипслаштирувчи ғояси ҳисобланади. Меъморий ёдгорлик эскизи бўйича АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольн (1861–1865)нинг Вашингтон шаҳридаги ҳайкалнинг айнан ўзини, ёзилган жумлалар эса Мартин Лютер Кинг (1929-1968)нинг 1963 йилдаги «Менинг орзуим бор» тарихий нутқи сўзларини эслатади. Аммо иккаласи ҳам қатл этилган америкалик давлат арбоблари персонаж сифатида танлангани эҳтимол Элбошининг ички қурқувлари ифодасини билдириши мумкин.
  11. 2020 йил 3 июлда Қозоғистон Миллий мудофаа университети биноси ҳовлисида ҳарбий либос ва фуражкада савлат билан тик турган ҳолда тасвирланган ҳайкал Назарбоевга атаб бунёд этилган ҳайкалларнинг ҳозирча энг сўнггиси ҳисобланади.
  12. Н.Назарбоевга бағишлаб нафақат мамлакат ичкарисида, балки хорижда: Гагаузия (Молдова), Анқара (Туркия), Днепродзержинск (Украина) ва Чўлпон-ота (Қирғизистон)да ҳам бюст ва ҳайкаллар ўрнатилган.

Н.Назарбоевнинг туғилган куни муносабати билан 6 июлда ўтказилган мушакбозлик айрим интернетнинг қозоғистонликлар тармоқ фойдаланувчилари томонидан вабо пайтидаги базм сифатида илиқ қаршиланмади. Юзлаб президентлар-у, вазиру-вузаролар фаолиятига гувоҳ бўлган Буюк Британия Қироличаси Елизавета IIнинг 21 апрелдаги 94-ёшлик таваллуд айёмига бағишлаб анъанавий тарзда уюштирилувчи замбарак ўқидан отиш маросимининг у ҳукмронлик қилган 68 йил ичида илк бор коронавирус палласида ўтказишни ноўрин ва номақбул ҳисоблаб, қолдиргани параллел келтирилди. 

Маълумот учун, 2000 йилнинг 20 июлида қабул қилинган «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – миллат етакчиси» тўғрисидаги конституцион қонуннинг 1-моддаси 2-бандида «давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича ишлаб чиқилувчи ташаббуслар Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Элбоши билан келишилади» деган тамойил киритилган. Қозоғистоннинг нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо постсовет республикалари ичида ўтган салкам 30 йил ичида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги эришган ютуқлари албатта ҳар қанча таҳсинга сазовор. Жаҳон Банкининг 2019 йилги статистик маълумотларига кўра, Қозоғистон аҳоли жон бошига даромади бўйича дунёда 72-ўринда (9731 АҚШ$) Болгария ва Туркия давлатлари ўртасида туради, аммо у камтаринлик ва сиполик бобида бошқаларга намуна бўлиши мушкул.

Туркманистон

Пойтахт Ашхободда барпо этилган Bitaraplyk binasy – Бетарафлик аркининг қурилиш ишлари Совет Иттифоқи қулашидан сўнг ҳукумат жиловини қўлга олган президент Сапармурот Ниёзов (1991-2006) ҳаётлиги даврида 1996 йилдан бошланиб, мамлакатнинг БМТ томонидан бетарафлик халқаро мақомини олгани тантаналарининг 3 йиллик муносабати билан 1998 йил 12 декабрда ишга туширилган.

Уч устунга дастакланган баландлиги 75 метрдан иборат иншоот  устига Сапармурот Ниёзовнинг ҳилпираган байроқ остида кафтларини икки тарафга очиб турган тилла рангли, 12 метрли ҳайкали ўрнатилиб, сутка давомида қуёшга доим юзланган ҳолда айланиб турган. Ҳайкални Туркиянинг Polimeks компанияси қурган. 2010 йилга келиб ҳайкал демонтаж қилиниб, айнан шу қурувчилик ширкати ёрдамида янги президент шахсга сиғинишга чек қўймоқда, деб барвақт суюнган, жонидан тўйган мухолифатчиларга қасдма-қасд равишда 2011 йилда маҳобатини яна 20 метрга баландлатиб фақат пойтахтнинг жанубий чекка ҳудудига, Копетдоғ ён бағрига кўчирилган.

2014 й. апрелида аввал Ниёзовнинг отаси, кейин бироз нафас олиб туркманбошининг оналарига ўрнатилган ҳайкал чанг-тўзонсиз қўпориб ташланди. 2017 йилга келиб С.Ниёзовнинг ўтирган ҳолатда китоб ушлаб турган зарҳалли ҳайкали ҳам олиб ташланади. Ҳайкалларни олиш, кўчириш билан боғлиқ харажатлар давлат хазинасига 50 миллион АҚШ долларига тушгани маълум қилинди. Айрим кузатувчиларнинг фикрига кўра, дастидан ой ва йилларнинг номлари ҳам кунта бўлган туркманбошининг қалин узукларни тақиб суратларга тушишга ружу қўйгани кишилар хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин эриш туйилган.

Иштаҳа таом еяётганда карнай бўлади, деганларидек ҳайкалларнинг пойтахт марказий ҳиёбонларидан олиниши кўп эҳтимол билан жой янги ҳукмдорга бўшатилаётгани маълум бўлди. 2015 йил 25 майда фуқароларнинг кўплаб мурожаатларига биноан 15-метрлик мармар постамент устида 24 карат олтин билан қопланган, бронзадан ясалган, сакраб кетаётган отни жиловлаган Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳайкали очилади. YouTube’нинг ўзида 1,5 млн. ўқувчи мухлисларига эга Британиянинг Journeyman Pictures студияси продюсерлари Туркманистон пойтахтига ташриф буюриб ўз таассуротларини ўртоқлашиб, шаҳарни «диктаторлар Диснейленди», деб атайди.

Ироқ

Ироқни 24 йил давомида бошқарган Саддам Ҳусайн (1937-2006)нинг 65-йиллигига бағишлаб Бағдоднинг Фирдос ҳиёбонида бунёд этилган 12-метрлик ҳайкал. АҚШ бошлиқ НАТО кучларининг Ироққа 2003 йил 19 март куни ҳарбий ҳаво кучлари, 20 мартдан бошлаб Қувайт орқали бостириб кириб келган қуруқлик кучлари мамлакатни бир ой ичида ишғол этади. Ғор-ўраларда жон сақлаб юрган Саддам Ҳусайн то 2006 йилгача жисмонан топила олинмаётгани ғалабани тантанали эълон қилиш фурсатини кечиктирарди. Бунинг натижасида аксил-Ироқ иттифоқчи кучлар топилмаётган Саддамнинг ўрнига унинг ҳайкалини олиб ташлашга муваффақ бўладилар. Ушбу психологик операцияда Қўшма Штатлар аксарияти суннийлардан иборат бўлган Саддам ҳокимиятидан норози кайфиятдаги маҳаллий шиалар иштирокидан фойдаланган ҳолда руҳий босим амалиётини ўтказиб, уни оммавий ахборот воситаларининг бевосита эфирга узатиб туриш орқали амалга оширади.

Саддамнинг рамзий тимсолини сиёсий шоу сифатида қўпориб ташланиши том маънода мамлакат рақибларига ем бўлишини англатар эди. Ушбу воқеа бутун Яқин, Ўрта Шарқ ва Шимолий Африка аҳолиси ва ҳукуматларини руҳан таслим бўлишига хизмат қилди. Айнан шу воқеадан кейин Ливия раҳбари Муаммар Каддафи ўз мамлакатининг ядровий дастуридан воз кечишига, пировардида ўзи ҳам оломон томонидан ваҳшийларча қатл этилиши ҳамда минтақа ва унинг теварак атрофини портлатиб юборган келгуси кўплаб хунрезлик ва беқарорликларга йўл очиб берди.

Гап фақат ҳайкаллардами?

Ҳар бир мамлакат ўз давлатчилик тарихи солномасини ўз тафаккури ва истакларидан келиб чиқиб битади. Даврлар, ҳукмрон мафкураларнинг қўққисдан ўзгариши ёд олинган шиорлар унутилишига, кўксига тақилган значоклар ечилишига, осилган портретлар алмаштирилишига, партия билетлари жуда бўлмаса кўзи очилаётган набиралардан андиша қилиб узоқроққа, секин бисотга тахлашга тўғри келиб қолиниши мумкин.

Ушбу кичик тадқиқот мазмунидан келиб чиқиб ўқувчиларимизга давлат бошқарувида ҳаммага маълум шахсга сиғиниш ё нарциссизм ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Балки ҳайкалларнинг ўрнатилиш ва уларнинг кўплигини фақат яккаҳокимлик билан изоҳлаб тушунтириш қийин. Бу ҳақда америкалик немис олими Лео Штраус (1899-1973) ўзининг асарларида арбоблар жамиятни жипслаштириш ва барқарор сақлаш мақсадида ҳамма эргашиб кетишга лойиқ илҳомлантирувчи афсоналарни атайлаб яратишга ҳақли, деган фикрни илгари сурган.

Шу маънода янги, ёш давлатлар буюкликда қолишмайдиган, беллаша олишга қодир тарихий афсоналарни йирик, таъсир доираси кенг қудратли давлатларга ем бўлмаслик, нафақат халқ, балки сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий элитани ҳам ўзаро жипслаштириш, истиқболда бўлиши мумкин бўлган ҳудудий таъна-пўписаларга барҳам беришда садоқатни парваришлаш мақсадида улар нақадар қимматга тушмасин лозим деб топган тегишли экстремал чораларни кўрадилар. Ҳукмронлик жиловини ушлаб турган пайтида президентларнинг ўзларига ўрнатган ҳайкаллари халқ онг-шуурини нақадар ифода эта олишини эса одатда фақат вақт кўрсата олади. Ҳолбуки, буюкларнинг қулаши ҳам буюк бўлади.

Забихулла Саипов,
сиёсий фанлар номзоди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг