Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияни томоша қилиш қимматга тушиши мумкин

Туркияни томоша қилиш қимматга тушиши мумкин

Фото: «Вести»

Туркия курортларида янги солиқ жорий этиляпти, «Вести» Россия сайёҳлик операторлари уюшмаси (АТОР)га асосланиб хабар беришича, 2020 йилнинг 1 апрелидан у барча туризм объектларини қамраб олади.

АТОР прогнозларига кўра, янги солиқсиз ҳам Туркияда 2020 йил мавсумида меҳмонхоналарда яшаш учун тўловлар 5—15 фоизга оширилиши кутилаётган эди.

Янги солиқ 2020 йил 1 апрелидан кучга киради. 2020 йил охирига қадар меҳмонга кўрсатилган хизматдан тушган фойданинг 1 фоизи мана шу солиққа қайтариб қолинади. 2021 йилдан эса «меҳмон солиғи» 2 фоизга оширилади. Туркия президенти бу солиқни уч бараварга камайтириш ёки ошириш ҳуқуқига эга, дейилади хабарда.

Туркия туристик компаниялари ва меҳмонхоналари учун, очиғи, бу солиқнинг жорий этилиши ёзда ёққан қордек кутилмаган хабар бўлди.

Айтиш керакки, солиқ айнан сайёҳ учун кўзда тутилмаган, уни меҳмонхоналар, мотеллар, апартаментлар, меҳмон қабул қилувчи уйлар ва кемпинглар тўлайди. Шуниси ҳам қизиқки, меҳмонхоналар янги солиқни меҳмон тунагани ва бошқа хизматлар (овқатланиш, бассейн ва SPA-хизматлар, конференциялар ва ҳ.о.) кўрсатилгани учун алоҳида тўлайди.

Камига, Туркия меҳмонхоналар федерацияси (TUROFED) маълум қилишича, туризм соҳасида фаолият кўрсатувчилар шу йилнинг октябрь ойида иш бошлаган Туризмни ривожлантириш агентлиги бюджетига пул ўтказишни ҳам бошлаши керак.

Шунингдек, меҳмонхоналар эгалари озиқ-овқат ва энергия ресурсларининг мунтазам нархи ошиб бораётганидан ҳам хавотирланишмоқда.

Энг асосий муаммолардан яна бири шундаки, 2020 йил учун нархлар аллақачон эълон қилиниб, кўплаб туроператорлар бўлғуси йил ёзи учун меҳмонхоналарни банд этишга улгуришган. Ана шу «брон қилинган меҳмонхоналар» олдиндан тузилган шартномаларга янги солиқларни қандай татбиқ этишни билмай ҳалак. Афтидан ҳозирги вазиятда «бозори чаққон бўлмаган» меҳмонхоналар ютадиган кўринади.

Янги солиқ бевосита сайёҳнинг ўзига жорий этилмагани билан, барибир, 2021 йилдан меҳмонхоналар 2 фоизлик солиққа ўтиши ва яна кўплаб тўловларга мажбурлиги ортидан, тарифлар ҳам камида 2 фоизга ошиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг