Туркияда зилзила қурбонлари сони кундан-кунга кўпаймоқда
Туркия ғарбида юз берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 107 нафарга етди. Бу ҳақда республика фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар агентлиги хабар берди.
Аввалроқ 105 киши ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинганди.
«Охирги маълумотларга кўра, зилзила натижасида 107 киши оламдан ўтди, 1027 киши жароҳатланган. 144 нафар жабрланувчи шифохоналарда даволанмоқда», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, зилзиладан сўнг 1528 та афтершоклар қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни кундузи маҳаллий вақт билан соат 13:31 (Тошкент вақти билан 16:31)да Туркиянинг ғарбий қисмидаги Измир вилоятида 6,6 балли зилзила содир бўлди. Бунинг оқибатида баъзи бинолар қулаб тушган. Вайроналар остида кўплаб одамлар қолиб кетган. Қутқарув-қидирув ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Президенти Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат – кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жaроҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга таъзия йўллади.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter