Туркияда зилзила пайтида қулаб тушган турар-жой мажмуасининг архитектори аэропортда ҳибсга олинди

Туркиянинг Ҳатай вилоятидаги зилзилалардан сўнг бутунлай вайрон бўлган Rönesans Rezidans турар-жой мажмуаси бош архитектори Истанбул аэропортида мамлакатдан учиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди, деб хабар бермоқда Sabah газетаси.
«Уй-жой мажмуасидаги 250 хонадонни сотиш учун миллионлаб лира олган бош пудратчи Мехмет Яшар Чошкун Черногорияга учиб кетмоқчи бўлган пайтда Янги Истанбул аэропортида қўлга олинди. Чиқиш тақиқи Истанбул Бош прокуратураси томонидан юкланган», — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, 2012 йилда қуриб битказилган турар-жой мажмуасидаги квартиралар 1,5 миллион лирадан 3 миллион лирагача (2012 йил курсида 800 мингдан 1,6 миллион долларгача) нархларда сотилган.
Бироқ «жаннат» деб эълон қилинган уйлар зилзила зарбасига дош бера олмади – барча 12 қават бир зумда қулаб тушди, деб ёзади газета.
Қурилиш компаниясининг эгаси ва муҳандиси Чошкуннинг укаси қаерда экани ҳали аниқланмаган, 2017 йилда ака-ука офисни Черногорияга кўчиришган.
Шунингдек, жума куни маълум бўлишича, 170 га яқин адвокат табиий офатдан жабр кўрган вилоятлардаги бир қатор турар-жой мажмуалари пудратчилари устидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлашни талаб қилган.
Аввалроқ, Туркия Адлия вазири Бекир Боздаг мамлакат жануби-шарқида содир бўлган вайронкор зилзила пайтида биноларнинг қулашига олиб келган бепарволик учун ҳеч ким жазодан қочиб қутула олмаслигини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг (AFAD) маълум қилишича, мамлакат жанубида содир бўлган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар 20 318 нафарга, жароҳатланганлар эса 80 088 кишига етган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter