Туркияда сайлов участкаларида уч киши ҳалок бўлди

Туркияда президентлик ва парламент сайловлари вақтида уч киши сайлов участкаларида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «TRT Haber» телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, Туркиянинг Ризе вилоятида сайлов комиссияси ходими 64 ёшли Шереф Курт юрак хуружига учраб, шифохонада вафот этган.
«Парламент сайловларида сайлов участкаси ходими бўлган Шереф Курт хизмат вазифасини бажараётганда юрак хуружига учради. Воқеа жойига етиб келган тиббиёт гуруҳлари унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатди. У Қачқаро давлат шифохонасига етказилган. Бироқ уни қутқариб бўлмади», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Трабзоннинг Ақчаобод туманидаги Дережик туманида 75 ёшли Айсел Улусой қариндошлари билан бирга 1093-сонли сайлов участкасига борган. У овоз бериш кабинасига кириб, ўзини ноқулай ҳис қилиб, ҳушини йўқотган. Шифокорлар у юрак хуружидан вафот этганини маълум қилган.
Учинчи ҳолат Трабзон яқинидаги Гиресун вилоятида юз берган. У ерда 85 ёшли сайловчи сайлов қутиси ёнида ҳушидан кетган. Шифокорлар ёрдамига қарамай, у вафот этган.
Маълумот учун, кеча, 14 май куни Туркияда парламент сайловлари билан бирга президентлик сайловлари ҳам бўлиб ўтди. Президентлик сайловида номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан юқори овоз тўплай олмади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter