Туркия пойтахтидаги яширин хазиналар (фото)
Анадолунинг унумдор ерлари билан ўралган, замонавий Туркиянинг пойтахти Анқара асрлар давомида кўплаб цивилизацияларга маскан бўлган.
Туркия пойтахти ташриф буюрувчиларга антик давр қолдиқларидан тортиб, замонавий меъморий мўъжизаларгача бўлган кўплаб яширин хазиналарни тақдим этади.
Жаҳон мероси
Ўтган йили Туркиянинг 20 маданий бойлигидан бири, Анқаранинг Пўлатли туманидаги ажойиб қадимий Гордион шаҳри ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Ёши тахминан 4500 йил бўлган, Фригиянинг сиёсий ва маданий пойтахти Гордион ҳудудида афсонавий қирол Мидаснинг уйи ҳам бўлган. Афсоналарга кўра, қирол Мидас «олтин тегиниш» билан азоб чеккан. Унинг қабри «дунёдаги учинчи йирик қабр тепалиги» ҳисобланади.
Ўлмас етакчи ҳузурида
Анқаранинг энг муҳим диққатга сазовор жойларидан бири Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг сўнгги манзили Аниткабирдир. Анқара марказидаги Аниттепада жойлашган бу мақбара мажмуаси 750 000 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайди.
Арслон йўли, Тўрен майдони ва Отатурк мақбараси билан бирга учта асосий қисмдан иборат бўлган Аниткабирда Отатурк ва Мустақиллик уруши музейи ҳам мавжуд.
Рамзий биноларни муҳофаза қилиш ҳудуди
Анқарадаги Аҳи Шерефеддин масжиди ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
«Онадўлининг Ўрта аср ёғоч устунли ва тўсинли масжидлари» номи билан «Жаҳон мероси» сифатида белгиланган бешта масжиддан бири – Аҳи Шерефеддин Туркиянинг сақланиб қолган энг қадимий масжидларидан биридир. Масжидга кирганингизда 24 та улуғвор ёғоч устунларни кўрасиз.
Эски шаҳарни ўрганиш
Аҳи Шерефеддин масжидини зиёрат қилгандан сўнг, Анқаранинг панорамик манзарасидан баҳраманд бўлиш учун яқин атрофдаги Анқара қалъасига чиқиш мумкин. Дастлаб гарнизон сифатида қурилган қалъа машҳур сайёҳлик маскани бўлиб, шаҳар манзаралари билан бир қаторда Анадолу цивилизациялари музейи, қадимий Анқара уйлари, масжидлар ва бошқа тарихий диққатга сазовор жойларга эга.
Калеичи маҳалласи чегарасидаги тор кўчаларда жойлашган икки-уч қаватли ёғоч ва ғиштдан ясалган Анқара услубидаги уйларга эга бўлган ҳудуд ҳам ташриф буюришга арзийди. Ушбу иншоотларнинг аксарияти меҳмонхона ёки ёдгорлик дўконларига, шунингдек, шаҳарнинг ўзига хос лаззатларини тақдим этадиган кафе ва ресторанларга айлантирилган.
Ўтмиш изидан
Анадолунинг ажойиб маданий тарихини ўрганиш учун фақат битта музейга ташриф буюришга вақтингиз бўлса, Анадолу цивилизациялари музейига боринг. Усмонли даврига оид иккита тарихий бинода жойлашган ва таъмирланган музейнинг ажойиб коллекцияси палеолит давридан бошлаб хронологик тарзда намойиш этилган Анадолу минтақасига хос бўлган асарларни ўз ичига олади.
1997 йилда Анадолу цивилизациялари музейи «Европада йилнинг энг яхши музейи» деб топилган.
Улуғвор Рим мероси
Анқарада Рим императори Юлиануснинг (милодий 361-363) Анқарага ташрифи шарафига қурилган Юлианус устуни каби кўплаб Рим даври обидалари мавжуд.
Шунингдек, III асрда Рим императори Септимиус Севернинг ўғли Каракалла томонидан қурилган Рим ҳаммомлари ва Рим императори номи билан аталган Август ибодатхонаси ҳам мавжуд.
Маданий воҳа
Пойтахтда Анқара опера театри, Президентлик симфоник оркестри (CСО Ада) ва CерМодерн каби муҳим бинолар ҳам қад кўтарган. Концерт учун Анқара қалъаси ва Аниткабир ўртасидаги шаҳар марказидаги замонавий CСО Ада биносига ташриф буюриш, шаҳарнинг замонавий қиёфасини кўриш учун CерМодернга бориш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter