Трамп Капитолий ҳужумига алоқадор деб топилди, аммо унинг сайловда иштироки тақиқланмади
Колорадо штати судяси АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп 2021 йил 6 январда ўз тарафдорларининг Капитолийга бостириб киришига алоқадор эканини тан олган. Шунга қарамай, унинг президентликка номзодини қўйиши тақиқланмаган, деб ёзади Associated Press.
Судя Сара Уоллес Трамп Капитолийга қилинган ҳужумда иштирок этган деган хулосага келди. У собиқ президент адвокатларининг «Трамп шунчаки сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани» ҳақидаги далилларини рад этган.
Шу билан бирга, у Трампнинг президентликка даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга эканини тан олди. Чунки Конституциядаги қўзғолонда иштирок этганларнинг ҳукуматда хизмат қилишини тақиқловчи банд «президентга тааллуқли ёки йўқлиги экани аниқ эмас».
Трампга қарши даъво аризаси билан чиққан сайловчилар гуруҳи ушбу қарор устидан Колорадо олий судига шикоят қилишни режалаштирмоқда.
Бу сўнгги ҳафтада Трампнинг президентликка номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақидаги учинчи суд қарори ҳисобланади. Аввалроқ, Мичиган ва Миннесота штати судялари ҳам Трампга сайловда қатнашишни тақиқламаганди.
2021 йил 6 январда президентлик сайлови натижаларидан норози бўлган Трамп тарафдорлари Вашингтонда Капитолийга бостириб кирди. Сайловда демократ Жозеф Байден ғалаба қозонган эди.
Намойишлар полиция билан кенг кўламли тўқнашувларга олиб келди. Ҳуқуқ тартибот идоралари исёнга Доналд Трамп чақириқлари сабаб бўлган деб ҳисоблади ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилди. Бу борадаги суд маҳкамаси 2024 йилда ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter