Трамп Эронни хакерлик ҳужумида айблади
Трамп Эронни унинг сайловолди ресурсларини бузишда айблади. Собиқ президентнинг жамоаси унинг ички коммуникациялари бузиб кирилганини маълум қилган.
Бу ҳақда Reuters сайлов кампанияси вакили Стивен Чунг баёнотига таяниб ёзмоқда.
Трампнинг ўзи «Truth» ижтимоий тармоғида Эрон ҳукумати унинг сайловолди кампаниясининг «кўп сайтларидан бирини» бузиб кирганини айтди.
«Улар фақат омма учун очиқ бўлган маълумотларни олишга муваффақ бўлишди, аммо шунга қарамай, улар бундай иш қилмасликлари керак», – деди собиқ президент.
Microsoft аввалроқ эронлик хакерлар президентлик кампаниясида иштирок этган «юқори мартабали амалдор» аккаунтини бузишга урингани ҳақида хабар берган, бироқ гап қайси амалдор ҳақида кетаётгани, унинг лавозими ёки партиявий мансублиги ҳақида аниқлик киритмаган эди.
Кўп ўтмай, Politico Трамп сайловолди ташвиқотига оид ички ҳужжатларни аноним манбадан олганини маълум қилди. 271 варақдан иборат ҳужжатлардан бири Трамп вице-президентликка сайлаган Огаё штати сенатори Жей Ди Венс ҳақидаги батафсил маълумот бўлган.
Стивен Чунгнинг сўзларига кўра, бу ҳужжатлар «2024 йилги сайловларга аралашиш ва бутун демократик жараёнга тартибсизлик уюштириш мақсадида Қўшма Штатларга душман бўлган хорижий манбалардан ноқонуний равишда олинган».
«Эронликлар президент Трамп Оқ уйда ишлаган биринчи тўрт йилида бўлгани каби, уларнинг террорини тўхтатишини билишади», – дейди сайлов кампанияси расмийси.
Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси бу иддаоларни изоҳлар экан, Reuters агентлигига мамлакат расмийларининг АҚШ президентлик сайловларига аралашиш нияти ва мақсади йўқлигини айтди. Шунингдек, Трамп жамоаси тақдим этган маълумотлар ҳақида гапирар экан, «бундай хабарларга ишонмасликларини» таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter