Тўқаев Қозоғистон янги иқтисодий йўналишининг уч асосини айтди
1 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент палаталарининг қўшма мажлисида мамлакат халқига мурожаатнома йўллади. «Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий йўналиши» деб аталган мурожаатнома янги иқтисодий тараққиёт тамойиллари белгилаб берилган.
«Адолат, инклюзивлик ва тежамкорлик янги иқтисодий йўналишимизнинг ўзагига айланади. Қозоғистон иқтисодий тараққиётининг янги парадигмаси мамлакатнинг рақобатбардош устунликларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат, капитал, ресурслар, технология каби асосий омилларнинг имкониятларини максимал даражада очишга асосланган», – деди Қ.Тўқаев.
Қайд этилишича, ўтган йили Қозоғистон ЯИМ 104 триллион тенгени ташкил этган. Рекорд даражада – 28 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган. Ташқи савдо айланмаси 136 миллиард долларга етган. Ташқи захиралар 100 миллиард долларга яқинлашган.
Қозоғистон раҳбари иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларни ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаган.
Шу билан бирга, келгуси йилдан энг кам ойлик иш ҳақи оширилиши маълум қилинган.
«Ваъдамизга мувофиқ, ҳукумат энг кам иш ҳақи даражасини босқичма-босқич оширишда давом этади. Фуқаролар даромадларини ошириш мақсадида 2024 йил 1 январдан эътиборан энг кам иш ҳақини 85 минг тенгега оширишни топшираман. Шундай қилиб, биз уч йил ичида энг кам иш ҳақини икки баравар кўтарамиз. Бу чора қарийб 1 миллион 800 минг фуқаро, жумладан, 350 минг давлат хизматчилари фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади», – деган Қозоғистон президенти.
Мурожаатномада янги иқтисодий йўналиш доирасида белгилаган мажбуриятлар уч йил ичида бажарилиши уқтирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter