Тўқаев инаугурация маърузасида Марказий Осиё билан ҳамкорликка алоҳида тўхталди
Бугун, 26 ноябрь куни Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон президенти сифатида қасамёд қилди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакат марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров янги президентга давлат раҳбари гувоҳномасини топширди.
Қ.Тўқаев инаугурация маросимидаги маърузасида мамлакат олдида турган вазифаларга тўхталиб, ҳудудий яхлитлик ва халқ бирлигини сақлаш муҳим эканини таъкидлади. Қонун устувор, инсон ҳуқуқлари пойдор бўлган адолатли Қозоғистонни барпо этиш асосий мақсад эканини эълон қилди.
«Умумхалқ қўллови билан мамлакатни идора этиш – юксак шараф ва залворли масъулиятдир. Буни етти йил ичида ҳозирги ва келажак авлод олдидаги бурчимни адо этиш учун бебаҳо имконият деб қабул қиламан. Қозоқларда «омонат» деган мўътабар тушунча бор. Халқ ишончини ҳам мен омонат деб биламан. Уни адо этиш – муқаддас бурчим», – деган янги сайланган президент.
У, айни чоқда, ҳар қандай лавозим фоний экани, халқ эса боқий эканини таъкидлаган.
Қ.Тўқаев ташқи сиёсат ҳақида гапирар экан, Россия, Хитой ҳамда қардош Марказий Осиё давлатлари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш эътибор марказида бўлишини қайд этган.
Жорий йил 20 ноябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтган президент сайловида Қ.Тўқаев 81,31 фоиз овоз йиғиб ғалаба қозонди.
Қ.Тўқаев сайловда ғалаба қозонгани ҳақидаги Exit poll натижалари эълон қилинганидан кейинги нутқида мамлакат иқтисодиётида туб ўзгаришлар бўлишини ваъда қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Конституциясига президентлик муддатини 7 йиллик қилиб белгилаш, айни чоқда, бир киши икки марта мазкур лавозимга даъвогарлик қилолмаслигига оид тузатишлар киритилган.
Жорий йил март ойида эса Қ.Тўқаев жиддий сиёсий ислоҳотлар дастурини эълон қилган. Унга кўра, сиёсий монополиядан босқичма-босқич воз кечиш, супер президентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтиш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter