Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистон Россиянинг юқори мартабали мулозими баёнотига раддия берди

Тожикистон Россиянинг юқори мартабали мулозими баёнотига раддия берди

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги Россия махсус хизматининг юқори мартабали вакили томонидан берилган баёнотга раддия берди.

«Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг Украинанинг Душанбедаги элчихонаси гўё Россияга қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун одам ёллаётгани ҳақидаги баёнотидан хабар топдик. Таъкидлаш жоизки, россиялик амалдорнинг ушбу даъвоси ҳеч қандай асосга эга эмас», – дейди Тожикистон ТИВ матбуот котиби Шоҳин Самадий.

Унга кўра, Тожикистон ваколатли идоралари мамлакатда рўйхатдан ўтган хориж дипломатлари мақомига номувофиқ фаолият билан шуғулланмаслиги учун керакли чораларни кўради.

Ш.Самадий россиялик юқори мартабали мулозимларни жамоатчиликни чалғитиши мумкин бўлган, ҳақиқатдан йироқ баёнот ва шарҳлар беришдан тийилишга чақирган.

Гап шундаки, Н.Патрушев жорий йил 3 апрель куни Остона шаҳрида ташкил қилинган ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг XIX учрашувида Украинанинг Душанбе шаҳридаги элчихонаси Россияга қарши урушда қатнашиш учун жангчи ёллаш билан шуғулланаётгани ҳақида гапирган. Россиялик амалдор Москва вилоятидаги «Крокус cити ҳолл» концерт залида содир этилган теракт ортида Украина махсус хизматлари турганини ҳам айтган.

Россия ҳуқуқ идоралари 150 га яқин инсоннинг ўлимига олиб келган 22 март кунги теракт ортидан гумондорлар сифатида Тожикистон фуқароларини қўлга олган.

Россия президенти Владимир Путин ҳам Украинани ушбу терактга алоқадорликда айблаган.

Маълумот ўрнида, АҚШ томони теракт ИШИД террор гуруҳи томонидан амалга оширилганини айтган бўлса, Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг воқеага алоқадорлигини қатъиян рад этган.

Аввал хабар берганимиздек, Тожикистонда «Крокус cити ҳолл» теракти бўйича айбланаётганларнинг яқинлари сўроқ қилинмоқда. Суриштирув-тергов жараёнини президент Имомали Раҳмон шахсий назоратига олгани хабар қилинган.

Теракт ортидан Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларини камситиш, қўрқитиш ҳолатлари қайд этилган. Тожикистон меҳнат вазирининг ўринбосари Шаҳноза Нодирий ҳам сўнгги ҳодисалар фонида мамлакат фуқаролари Россияни оммавий равишда тарк этаётгани ҳақида гапирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг