Тожик-қирғиз чегарасининг 43 километри бўйича келишувга эришилди
Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ишчи гуруҳлари умумий чегаранинг 43,32 километри бўйича келишиб олди. Тожикистоннинг «Ховар» ахборот агентлиги хабарига кўра, томонлар тегишли баённомани имзолаган.
Агентликнинг қайд этишича, тадбир дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитида ўтган. 2023 йил 3 октябрдан 7 октябргача Қирғизистоннинг Боткен вилоятида икки давлат ҳукумати делегацияларининг ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамда топографик ишчи гуруҳлари йиғилиши бўлиб ўтди. Кейинги йиғилиш Тожикистонда бўлиб ўтади.
2023 йилнинг 2 октябр куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ва Қирғизистон МХХ раиси Камчибек Ташиев бошчилигидаги икки давлат делегациялари ўртасида музокараларда ўзаро келишув протоколи имзоланган. Делегациялар раҳбарлари мазкур ҳужжат чегарадош ҳудудлар аҳолиси ўртасида ҳудудий даъволар туфайли вақти-вақти билан келиб чиқадиган низоларни бартараф этишини, яқин кунларда Давлат чегарасининг барча участкаларини белгилаш бўйича якуний қарор қабул қилинишини таъкидладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter