Тоғларга хазина яширган миллионер вафот этди
АҚШда тоғларга машҳур хазинани яшириб, минглаб хазина овчиларининг тер тўкишига сабаб бўлган миллионер Форрест Фенн 90 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Фенн АҚШ ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилиб юрган пайтларида осори атиқаларни излашга ишқивоз бўлиб қолган. Истеъфога чиққач, у Санта-Фе шаҳрида галерея очиб, санъат асари намуналари билан савдо қилиш баробарида коллекцияси учун ҳиндуларнинг артефактларини излаш билан шуғулланган. ФБР Фенни ҳиндуларнинг қадимги қабристонларини талон-тарож қилишда гумон қилиб, бир неча марта уйида тинтув ўтказишган, лекин ҳеч нима топишолмаган.
1988 йилда ғайриоддий галереячига саратон ташхиси қўйилган. Унинг таъкидлашича, айнан ўша пайтда Қояли тоғларга хазина яширишга ва уларнинг координаталарини ўз мемуарларида шифрлаб қўйишга қарор қилган. Бироқ касаллик чекингач, Фенн узоқ йиллар ўз режасига қайтмайди. Китоб эса 2010 йилдагина дунё юзини кўрган. Унда хазина ва у яширилган жой ҳақида шеърий асарлар қайд этилган.
Феннинг айтишича, сандиқда умумий қиймати икки миллион долларга яқин қадимий тангалар, олтин тошлар, олмос, зумрад, лаъл, ёқут ва бошқа қимматбаҳо буюмлар бўлган.
Минглаб хазина изловчилар хазинани топишга уринишган. Ҳатто, улардан бештаси қидирув пайтида ҳалок бўлишган. 2020 йил июнда Фенн хазина топилганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, хазина изловчи сандиқни расмга олиб, далил сифатида унга юборган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter