Тергов идораси президент Байденнинг уйида тинтув ўтказди
АҚШ Федерал тергов бюроси мамлакат президент Жо Байденнинг Делавэр штати Реҳобот Бич шаҳридаги ёзги уйида тинтув ўтказди. Агентлар давлат раҳбарининг тураржойидан ҳукуматнинг махфий ҳужжатларини қидирган.
Байденнинг адвокати Боб Бауэр матбуотга Федерал тергов бюроси ходимлари бирорта махфий ҳужжат топмаганини айтган. Маълум бўлишича, тинтув ташаббуси президентнинг ўзидан чиққан. Шунга кўра тинтув учун ордер олишга ҳам ҳожат бўлмаган.
Делавэрдаги ёзлик уйда ўтказилган тафтиш АҚШнинг амалдаги президентига нисбатан очилган махфий ҳужжатларни сақлаб тартибини бузиш айблови бўйича терговнинг бир қисми саналади.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил ноябрь ойида Пенсильвания университети ҳузуридаги таҳлил маркази биносидан ўнга яқин махфий ҳужжат топилган. Ушбу офисдан Жо Байден 2017-2019 йилларда фойдаланган. Президентнинг ўзи махфий ҳужжатларнинг мавжудлигини адвокат хабаридан кейин билганини айтган.
Кейинроқ Ж.Байденнинг Уилмингтондаги уйидан ҳам бир неча махфий ҳужжат топилган. Бунинг ортидан республикачилар назорати остидаги Вакиллар палатаси Адлия қўмитаси Байден томонидан махфий ҳужжатлар ноқонуний сақлангани бўйича янги тергов бошлаган.
Жо Байден тергов идораси билан тўлиқ ҳамкорлик қилишини билдирган.
Оқ уй соҳибининг салафлари – собиқ президент Дональд Трамп ва вице-президент Майкл Пенснинг уйида ҳам махфий ҳужжатлар ғайриқонуний равишда сақланаётгани аниқланган. Хусусан, Федерал тергов бюроси 2022 йилда Трампнинг Флоридадаги қароргоҳидан 300 дан зиёд «махфий» ва «мутлақо махфий» тамғали ҳужжатларни топган.
Ўша пайтда тинтув юзасидан муносабат билдирган Жо Байден Трампнинг махфий ҳужжатларни уйида сақлаганини «ўта масъулиятсизлик» деб атаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter