Тасмания тикланувчи энергия билан ўзини 100 фоиз таъминлади
Австралиянинг Тасмания штати тикланувчи манбалардан олинувчи электр энергияси билан ўзини тўлиқ таъминлашга ўтганини маълум қилди. Орол-штат яқин йиллар ичида эҳтиёжидан ортиқча энергия ишлаб чиқариб, Австралиянинг бошқа ҳудудларини ҳам «яшил энергия» билан таъминлай бошлайди.
Штатнинг энергия мустақиллигига эришганини маълум қилган Тасмания энергетика вазири Гай Барнеттга кўра, фақат шамол ва гидроресурслардан фойдаланилмоқда.
Ҳукумат маълумотига кўра, Тасмания Австралиянинг экологик тоза энергия олувчи ҳудудларидан бирига айланганига анча бўлди, штатдаги улкан гидроресурслар мамлакатдаги электр энергиясининг асосий қисмини беряпти.
Тасманияда тикланувчи энергетикага Лонсестонда 1895 йили Duck Reach электр станцияси қурилиши билан тамал тоши қўйилган, бу жанубий яримшардаги илк ГЭС эди.
Шунга қарамасдан, Тасмания кўп йиллар импорт қилинадиган газ ва кўмирга қарам эди. Шамол электр станциялари қурила бошлаши билан бу қарамликка барҳам берилди.
Вазир Барнеттнинг таъкидича, Грэнвилл бўғозида шамол станциялари қуриб битказилиши билан Тасманияда тикланувчи энергия ишлаб чиқиш 100 фоизга етди. Штат ғарбий соҳилидаги ушбу станция иш ҳажмини янада кенгайтириш устида изланишлар кетяпти.
Охирги иккита турбина фойдаланишга топширилиши билан Тасмания ишлаб чиқараётган «яшил энергия» 10741 ГВт-соатга етади — бу штатнинг ўртача йиллик эҳтиёжидан анча кўп.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter