Сувайшга муқобиллик зарурияти кучаймоқда
Узоқ йиллар хавфсизлик борасида ишонч билан ишлаган Сувайш канали маъмурияти кеча канал ўзанини чуқурлаштириш ишлари бошланганини эълон қилди. Бу ишлар Хитойдан Роттердамга йўл олган «Ever Given» контейнер ташувчи кемаси шу йил 23 мартдан бошлаб бир ҳафта қисилиб қолгани билан боғлиқ. Ўша жойдан унча узоқ бўлмаган жанубий қисмида икки томонлама ҳаракатни таъминлаш бўйича қазиш ишлари бошланди.
Сувайш канали бошқаруви раиси, генерал лейтенант Усама Рабиянинг айтишича, бу қазиш ишлари каналнинг жанубий чиқиш оқимини ривожлантириш доирасида олиб борилмоқда.
2023 йилда канални стратегик ривожлантириш режасига кўра, унинг 20 метрдан чуқур бўлмаган жойлари қазилади. Чунки бахтсиз ҳодиса юз берган жойда чуқурлик 22 метр бўлган ва бу ҳам бугунги талаб ва мезонга жавоб бера олмаган эди.
Ўшанда беш юзга яқин кема каналдан ўта олмасдан навбат кутиб қолган, халқаро савдо бир қалқиб тушган ва тужжорлар катта зиён кўрган эди. Чунки жаҳон маҳсулот айланмасининг 12 фоизи айнан Сувайш канали орқали ўтади ва ҳар бир ишламаган кун учун жаҳон савдоси 9,6 миллиард доллар зарар кўрди.
Бу ишларнинг барчаси Россиянинг анчадан буён эълон қилиб келаётган ва узоқни кўзлаган «Шимолий денгиз йўли»ни ривожлантириш режасини амалий жиҳатдан илҳомлантириб юборди.
Ташилган юклар миқдори 33 миллион тоннага чиқди
Бу йўл Тинч ва Атлантика океанларини Евросиё шимолий қирғоқлари билан ўзаро боғлайди. Юклар Яқин Шарқдан Европага 14 минг километр узунликдаги Шимолий денгиз йўли орқали ташилади. Ваҳоланки, Сувайш канали орқали ўтувчи муқобил йўлнинг узунлиги 23 минг километрга тенгдир.
Мисол учун, Токиодан Гамбургга контейнер ташувчи кема Сувайш канали орқали 48 кунда етиб борса, Шимолий транспорт йўли бу масофани босиб ўтиш учун узоғи билан 35 кун талаб қилинади, ташиш харажатлари эса 20 фоиз арзон бўлиши мумкин.
Албатта, бу йўлдан жаҳон савдосида самарали ва фаол фойдаланиш ҳақида олти асрдан буён жуда қизғин фикрлари билдирилиб келаётган бўлса-да, фақат янги асримизга келибгина бу назария реал ҳақиқатга айлана бошлаяпти.
Тўғри, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам Тинч океани флоти ҳарбий кемаларини, халқ хўжалиги юкларини, ҳарбий саноат маҳсулотларини Швеция ва Финляндияга туташ Баренц денгизигача ташишда мазкур йўл муҳим транспорт магистрали вазифасини ўтаган эди. 1970 йилларда флот таркибига атом муз кемаларининг ишга туширилиш билан йўл фаолияти сезиларли фаоллашди. Аммо фақат 1991 йилга келибгина у халқаро юк ташувлар учун очиқ деб эълон қилинди.
Қолаверса, 2005 йилдан бошлаб Арктика музликларининг кенг кўламли эриши бошлангач, йўлнинг ташув имкониятлари хорижий компанияларни ҳам жиддий қизиқтира бошлади.
Ўтган йили глобал исиш туфайли Арктикадаги муз қатламлари 1980 йилларникига нисбатан 5-7 маротаба кўпроққа қисқариб кетди. Шимолий Муз океанида музликлар майдони 26 минг квадрат километрга камайди. Бу эса шимол иқлимига яхши жиҳозланган оддий юк кемаларини ҳам ўтиш имкониятларини оширмоқда.
Бу йўл нафақат масофани, балки рейсларнинг даврий узоқлигини қисқартиради, ёнилғини тежайди, кема фрахт қийматини камайтиради, Сувайш каналидан ўтиш тўлови каби бу ерда қўшимча харажатлар ва навбат ҳам мавжуд эмас, қароқчилар ҳужуми хавфи йўқ.
Фактларга мурожаат қилсак, 2009 йилда атиги 2 та тижорат кемаси у орқали Европадан Осиёга келган эди. Бу йўлдан ҳаракатланиш мақсадида «Шимолий денгиз йўли маъмурияти» махсус рухсатномасини ўтган йили 1014 та кема олди. Барча ташилган юклар ҳажми 33 миллион тоннадан ошиб кетди, унинг салкам 1,3 миллион тоннаси транзит юклардир. Юклар улушида сиқилган газлар, нефть ва нефть маҳсулотлари, газ конденсати, руда концентрати, кўмир етакчилик қилмоқда.
Бугунги кунда бу йўлдан асосан «Норникель», «Газпром», «Лукойл», «Роснефть», «Росшельф», Красноярск ўлкаси, Якутия Республикаси, Чукотка автоном округи кенг фойдаланиб келмоқда.
Аммо асосий муаммо шундаки, кемалар бу йўл орқали йилнинг фақат 5 ойида ҳаракат қила олади, холос. Навигация муддатини чўзиш учун эса музёрар кемалар флоти ва яхши инфратузилма-логистика тизими зарур.
Хитой АҚШ зиддияти қўл келиши мумкин ёки
«Росатом» асосий оператор этиб белгиланган
2018 йилда 100 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилувчи «Росатом» давлат корпорацияси Шимолий денгиз йўли инфратузилма оператори сифатида белгиланди.
Руснинг шимолий денгиз сувларида замонавий атом кемаларисиз расмий Москванинг глобал транспорт хабига айланишдек режаларига эришиб бўлмаслиги равшан эди.
Ҳозирда Россиядаги «Атомфлот» компанияси тасарруфида бешта атом муз кемаси – «Ямал», «Ғалабанинг 50 йиллиги», «Таймир», «Вайгач» ва «Арктика» бор.
2018 йилдан Санкт-Петербургдаги Болтиқ заводида 175 МВтли РИТМ-200 янги реакторларига эга учта муз кемалари қурила бошлади. Уларнинг биринчиси, яъни «Арктика» 2020 йилда ишга туширилган бўлса, 2021-2022 йилларда яна иккитаси хизмат қила бошлайди. Янги авлодга мансуб 315МВт қувватга эга РИТМ-400 қурилмаларига эга «Етакчи» кемаларини яратиш устида эса қизғин ишланмоқда.
«Росатом» давлат корпорацияси бу тармоқни ривожлантириш учун жорий йилда 73 млрд рубль ёки қарийб 1 миллиард доллар йўналтиришни режалаштирмоқда. Бу «Росатом»нинг жорий йилдаги капитал қурилиш дастурларининг молиялаштириш миқдорининг ўндан бирига тенгдир.
Йўлни ривожлантириш учун жами 15 миллиард доллар маблағ сарфланиши лозим. Бу орқали 2030 йилга бориб, унинг ўтказиш қувватини 110 миллион тоннага ва олинадиган даромад миқдорини 900 миллион долларга етказиш мумкин бўлади.
Айни пайтда экспертлар келгусида бу йўл асосида «Шимолий денгиз йўлаги»ни яратиш халқаро лойиҳаси устида бош қотиришмоқда. Бунда Европанинг шимолий қисмидаги портлар ва инфратузилмаси ягона транспорт тизимларига бирлаштирилади.
Ҳозирда Ғарб давлатларининг санкциялари сабабли ва «атроф-муҳитни ва глобал биохилма-хилликни ҳимоя қилиш» ёрлиғи остида мазкур стратегик лойиҳани тараққий эттиришга Ғарбнинг йирик денгизда юк ташувчи компаниялари қўшилишга шошаётгани йўқ. Бир томондан бунга АҚШнинг уларга санкциялар қўллаш хавфидан қўрқуви ҳам таъсир этаяпти.
Лекин Яқин Шарқдаги беқарорлик, айниқса, охири тугамаётган Исроил-Фаластин можароси, Яман, Ироқ, Суриядаги беқарорликлар, Сомали қирғоқларидаги қароқчилар, Эроннинг ядро дастури билан боғлиқ муаммолари келгусида Шимолий транспорт йўлига янги сиёсий-иқтисодий имкониятларни тақдим этиши мумкин.
Ҳеч шубҳасиз, халқаро бозорларни маҳсулотлар билан таъминловчи асосий фабрика ҳисобланган Хитойнинг Осиё-Тинч океани минтақасида АҚШ билан зиддияти тобора таранглашаётгани эса Россиянинг бу геосиёсий ўйинда Россия қартасининг жозибадорлигини ошириши мумкин.
Гулрухсор Равшанова,
халқаро журналист
Тошкент-Москва
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter