Сувайш каналини тўсиб қўйган кема жаҳонда нефть нархларини 5 фоизга ошириб юборди
Бир суткадан ошдики, Мисрнинг Сувайш каналида саёзликка ўтириб қолган улкан кемани қутқариш операцияси кетмоқда. Ўнлаб шатакчи кемалар жалб қилинган, бироқ, ҳозирча уринишлар деярли наф берган эмас — узунлиги 400 метрли, дунёдаги энг улкан контейнер ташувчиларидан саналган «Ever Given»ни денгизга чиқариб юбориш осон кечмаяпти.
Оқибатда юзлаб юк ва йўловчи кемаларидан иборат улкан тиқин юзага келди ва у катталашишда давом этмоқда. Бир неча соатлик «Сувайш тиқини» жаҳонда нефть нархи 5 фоизга қимматлашишига олиб келди.
Саккизта шатакчи кеманинг 30 соатдан ортиқ уриниши натижаси ҳозирча каналга кўндаланг тушиб қолган «Ever Given»ни оқим бўйлаб тўғрилаб, бошқа кемалар учун сал йўл очилиши бўлди. Ҳаракат қисман тикланди, бироқ бу энг серқатнов пайтдаги тирбандликни эслатади.
«Ever Given» том маънода дунёнинг ярмини тўхтатиб қўйди. Ўнлаб нефть ташувчи кемалар каналга келиб тўхтаб қолган, бу танкерларга 15 миллион баррелдан ортик нефть ортилган.
Ҳодисага кучли шамол ва кемадаги техник носозлик сабаб бўлган. Хабарларга кўра, шамол кемани ўз йўналишидан буриб юборган, бу пайтда унинг электр қурилмалари ҳам ишламай қолган. Оқибатда унинг тумшуқ қисми бир қирғоққа урилган, орт қисми иккинчи қирғоққа бориб тақалган.
Панама байроғи остида сузувчи «Ever Given» япон компаниясига тегишли. Тақдир ҳазилини қарангки, 2017 йилда ҳам бир япон кемаси Сувайш каналини тўсиб қўйганди. Аммо ўшанда ҳаракат бир неча соатга тўхтаганди, холос.
Сувайш канали — дунёдаги энг улкан сув магистралларидан бири. Кунига дунёдаги юкларнинг 12 фоизи шу ердан олиб ўтилади. Сувайш орқали ўтиш кемаларга йўлни беш кунгача қисқартириш имконини беради. Осиёдан Европага йўл олган кема Африкани айланиб ўтса, 6 минг километрдан ортиқ йўл босади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter