Сурия раҳбари Трампга таклиф билан чиқди

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа АҚШ президенти Доналд Трампга санкцияларни бекор қилиш бўйича битим таклиф қилди.
Ғарб матбуоти хабарига кўра, Дамашқ Вашингтон маъмуриятига санкцияларни бекор қилиш эвазига Суриядаги табиий бойликларни тасарруф этишга даъват қилган.
Аш-Шаръа, шунингдек, Дамашқда “Трамп миноралари”ни қуришдан ҳам гап очган.
Ушбу таклифлар Оқ уйга Саудия Арабистони ва Туркия орқали етказилган.
Бугун, 13 май куни Трамп Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Оқ уй Саудия пойтахти Риёз шаҳрида Трамп ва аш-Шаръа учрашувини ташкил этиш имконини ҳам муҳокама қилган, аммо сўнгги дақиқаларда учрашув режаси кун тартибидан олинган.
Трамп Саудия Арабистонига учиш арафасида Оқ уйдаги чиқишида Сурияга нисбатан чекловлар юмшатилишини истисно этмаган.
“Биз (Сурияга қарши) санкцияларни бекор қилишимиз мумкин. Биз Сурияга янги одим отишга имкон бермоқчимиз. Ҳозирги шароитда (санкциялар сабаб) улар олдинга ҳаракат қилиш имконидан маҳрум”, – деган АҚШ раҳбари.
Маълум бўлишича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам Трампдан Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўраган.
Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Сурияни қайта тиклаш учун чекловларни босқичма-босқич бекор қилиш лозимлигини таъкидлаганди.
Минтақада фаол воситачи ролини бажараётган Қатар ҳам АҚШни Сурияга нисбатан позициясини қайта кўриш чиқишга ундамоқда.
БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси Гейр Педерсен ҳам “Сурияда сиёсий вазият ўзгарган ва янги ҳукумат олдингисидан яхшироқ” деган фикрда.
Маълумот ўрнида, “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги етакчисига айланди.
Аш-Шаръа олдинроқ Трамп маъмурияти Дамашққа нисбатан аввал жорий этилган санкцияларни бекор қилишига умид билдирганди.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган йил 20 декабрь куни Дамашқда АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Барбара Лиф бошчилигидаги делегация “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи етакчиси Аҳмад ал-Шаръа билан учрашганди. Бу сўнгги 10 йил ичида Вашингтон дипломатларининг Сурия пойтахтига илк ташрифи эди.
Музокараларда АҚШ дипломатлари мазкур гуруҳни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ва Сурияга қарши жорий этилган санкцияларни юмшатиш бўйича шартларини илгари сурганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter