Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Словакияда эр-хотин XVI аср хазинасини топди

Словакияда эр-хотин XVI аср хазинасини топди

Фото: Peter Ledaj / Regional Monuments Board Zilina

Словакиянинг Липтов вилоятида ўрмонда сайр қилиб юрган эр-хотин ёввойи тўнғизлар «шудгорлаб ташлаган» майдонда ер юзасига чиқиб қолган хазинага дуч келишди. Бу ҳақда «The Slovak Spectator» хабар берди.

Эр-хотин олтин ва кумуш тангаларга қўл уришмади ва маҳаллий музейга қўнғироқ қилишди. Археологлар етиб келгунича эса уч соат мобайнида хазинани қўриқлаб ўтиришди.

Мутахассислар келиб, қазиш ишларини ўтказганидан сўнг сопол хумча қолдиқлари топилди. Тангалар хумга солинишидан олдин матога ўралган экан. Хумнинг оғзи ёпиқ бўлиб, унча чуқур қилиб кўмилмаган экан.

Афтидан хазинани яширган одам жуда шошилаётган бўлган. Хазинани ким ва нима мақсадда кўмганига аниқлик киритиш қолди. Археологларда ҳозирча аниқ жавоб йўқ.

«Бунга бир нечта сабаблар бўлиши мумкин, — деди Жилина ёдгорликларни қўриқлаш ҳудудий кенгаши аъзоси Мартин Фурман. — Хазина тахминан 1527 йили ёки сал кейинроқ кўмиб қўйилган бўлиши мумкин. Эҳтимолимизча, бу венгр тахти учун Фердинанд Габсбург ва Янош Запольяи ўртасида қаттиқ кураш кетган фуқаролик уруши билан боғлиқ».

Маълумот берилишича, хумчада XV аср охирига мансуб икки дона олтин танга ва XVI аср бошларида зарб этилган 1 600 дона кумуш венгр динорийлари топилган. Дарвоқе, маҳаллий қонунчиликка кўра, хазинани топган оила унинг 100 фоизи қийматида мукофот пули олиш ҳуқуқига эга.

Энди масала экспертлар хазинани қанчага баҳолашида қолди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг