Синварнинг ўлими «Ҳамас» учун жиддий зарба бўлди, аммо бу урушнинг охири эмас
1990 йиллардан бери Исроил ҲАМАСнинг ҳар бир янги раҳбарини ўлдиради, лекин ҳар доим унинг ўрнини босувчиси бор, деб ёзади BBC нашрининг халқаро муҳаррири ва Яқин Шарқ бўйича мутахассис Жереми Боуэн.
Яҳё Синварнинг ўлдирилиши Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши урушдаги энг катта ғалабаси бўлди.
У махсус кучларнинг режалаштирилган операциясида эмас, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида исроиллик аскарлар билан тасодифий тўқнашувда ҳалок бўлган.
Воқеа жойида олинган суратда Синвар Исроил танки томонилан портлатилган бино вайроналари орасида ҳарбий кийимда ўлик ҳолда ётибди.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу аскарларни олқишлаб, ғалаба қанчалик катта бўлмасин, бу урушнинг охири эмаслигини айтган.
Бенямин Нетаняҳу урушнинг асосий мақсади — ҳарбий ва сиёсий куч сифатида ҲАМАСни йўқ қилиш ва исроиллик гаровга олинганларни уйларига қайтариш эканини кўп марта такрорлаган. Бироқ камида 42 000 фаластинлик ҳалок бўлган ва Ғазонинг кўп қисми вайроналарга айланиб, бир йилдан ортиқ давом этган урушга қарамай, ҳеч бирига эришилмади.
Гаровга олинганлар ҳамон озод қилинмаган, ҲАМАС эса жангни давом эттирмоқда.
Яҳё Синвар 1962 йили Ғазо секторидаги Хон Юнис қочқинлар лагерида туғилган. Олти кунлик уруш пайтида шаҳар Исроил томонидан босиб олинганида у беш ёшда эди.
Унинг оиласи Исроил мустақиллиги билан якунланган 1948 йилги уруш пайтида Исроил қўшинлари томонидан ўз уйларидан қувилган 700 000 дан ортиқ фаластинлик орасида эди.
Унинг оиласи Хон Юнисга Ғазо секторининг шимолий чегараси яқинида, ҳозирги Ашкелон деб номланувчи ҳудуддан кўчиб ўтган.
20 ёшида Синвар Исроил ҳукумати томонидан тўртта фаластинлик айғоқчини ўлдиришда айбланган.
Қамоқдаги 22 йил давомида у иброний тилини ўрганди, душманини ўрганди ва у билан қандай курашишни ўзлаштирди.
Синвар 2011 йилда исроиллик аскар Гилад Шалитга алмаштирилган мингдан ортиқ фаластинлик маҳбуслар қаторида озод қилинганди.
Ўтган йилнинг 7 октябрида Исроилга пухта режалаштирилган ҳужумлар натижасида Синвар ва унинг милицияси Исроилга тарихидаги энг катта мағлубиятини келтирди.
Синварнинг ўз вақтида маҳбуслар алмашинувида иштирок этгани тажрибаси уни исроилликларни гаровга олиш қанчалик қимматли эканига ишонтирган бўлиши мумкин.
Тел-Авивда ҲАМАС томонидан асирда бўлган қолган исроилликларнинг оилалари (101 киши бор, лекин Исроил ҳукумати уларнинг ярми аллақачон ўлган бўлиши мумкинлигини айтади) ҳукуматдан қариндошларини уйига қайтариш бўйича музокараларни бошлашни ҳамон талаб қилишмоқда.
Гаровга олинганлардан бирининг онаси Эйнав Зангаукер Исроил Бош вазирига мурожаат қилди:
«Нетаняҳу, гаровга олинганларни дафн қилманг. Воситачилар ва жамоатчилик олдига боринг ва Исроилнинг янги ташаббусини айтинг».
«Менинг фарзандим ва Ғазо туннелидаги бошқа гаровга олинганлар учун вақт тугади. Ғалабангизнинг исботлари борми? Энди келишувга эришинг!»
«Нетаняҳу урушни чўзиш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун гаровга олинганлардан воз кечишга қарор қилган. Ҳамма қайтиб келмагунча биз таслим бўлмаймиз».
Кўпчилик исроилликларнинг фикрича, Нетаняҳу Синвар ва унинг жангчилари Исроилга бостириб киришига имкон берган хавфсизликдаги муваффақиятсизлик учун ҳисоб-китоб кунини кечиктириш мақсадида Ғазодаги урушни чўзмоқчи. Шунингдек, бош вазир коррупция борасидаги жиддий айбловлар бўйича суд жараёнининг қайта бошланишини номаълум муддатга кечиктирмоқчи.
Синварнинг ватани Хон Юнис харобаларида маҳаллий мухбирларга интервью берган фаластинликлар уруш давом этишини айтишган.
«Бу уруш Синварга ҳам, Ҳанияга ҳам, Машъалга ҳам, бирор раҳбар ёки амалдорга ҳам боғлиқ эмас», - дейди доктор Рамазон Форис. - «Бу Фаластин халқига қарши қирғин уруши, буни ҳаммамиз биламиз ва тушунамиз. Муаммо Синвар ёки бошқалардан анча чуқурроқдир».
«Улар бутун Яқин Шарқни хоҳлашади. Улар Ливан, Сурия ва Яманда жанг қилмоқда. Бу 1919 йилдан бери, яъни 100 йилдан ортиқ давом этаётган биз билан яҳудийлар ўртасидаги уруш», - дейди Аднан Ашур.
Ғазода уруш давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter