Бу сизга элчининг медальони эмас: Швецияда қирол тожини ўғирлаб кетишди
Швецияда қирол Карл IX ва унинг рафиқаси Кристинага тегишли тож ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлашда гумон қилинган шахсга айблов эълон қилинди. Бу ҳақда «Телеграф» хабар берди.
Хабар қилинишича, қиймати 65 млн. крон (7,2 млн. доллар)га тенг қимматбаҳо буюмлар 2018 йилнинг 31 июль куни пойтахт Стокгольм яқинидаги Стренгнес черковидан кўргазмага қўйилган жойидан ўғирлаб кетилган. Тож ва қимматбаҳо буюмларга қўшилиб давлат рамзи (монарх ҳукумати рамзи) ҳам йўқолган.
Хориж ОАВ хабарларига кўра, икки нафар ўғри ичкарига ойнани синдириб киришган, воқеа жойидан велосипедларда қочиб қолишган, кейин эса моторли қайиқда дарё орқали Стокгольмдан ғарбга сузиб кетишган.
Швеция полицияси қимматбаҳо буюмларни топа олгани йўқ. Полиция жиноят жойида ДНК излари топилган 22 ёшли йигитни тутиб турибди, бироқ у айбдор эканини инкор этяпти. Яна бир шахс ҳам қўлга олинган, унга ҳозирча айблов қўйилмаган.
Карл IX 1604 йили тахтга ўтирган. 1611 йили Швеция ва Дания ўртасида юзага келган низодан ўзига келолмаган Карл IX ўша йили вафот этган. Швед қироли Стренгнес черковида дафн этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter