Путин: «Шимолий оқимлар»даги теракт Европа ва Россия алоқаларини бузишга қаратилган
РФ президенти Владимир Путиннинг «Россия энергетика ҳафталиги» форумида иштирок этиб, минтақавий энергетика тизимидаги бугунги муаммолар ҳақида тўхталди.
У, жумладан, Россиянинг Европага газ етказиб берадиган асосий қувурлари – «Шимолий оқим»нинг иккала тармоғида жорий йил 26 сентябр куни кузатилган авария ҳақида «Шимолий оқимлар сиёсий оҳанглардан холи ва бу фақат тижорат лойиҳаси» бўлганини таъкидлади.
– Газ қувурларига қилинган терактлар ортида Европанинг Россия билан алоқаларини бузмоқчи бўлганлар турибди. Булар аллақачон бундай қўпорувчиликка қўл урган ва бу учун ушланган одамлардир.
«Шимолий оқимлар»ни таъмирлаш мумкин, лекин буни амалга ошириш фақат улар ишлашда давом этса ва хавфсиз бўлсагина мантиқий бўлади, – дейди Путин.
РФ раҳбари, шунингдек, «учинчи томон»нинг европаликларни энергия ресурсларини юқори нархларда сотиб олишга мажбур қилаётганини истисно қилмаяпти.
Унинг айтишича, «Россия Европага энергия ресурсларини етказиб беришга тайёр, шу жумладан жорий куз-қиш мавсумида ҳам. Ҳамма гап улар томонда».
– Агар улар хоҳлашса, шунчаки жўмракни очиб қўйишади, тамом, – дейди у.
Форумда «Шимолий оқимлар» орқали йўқотилган ҳажмни қоплаш имкониятлари ҳақида ҳам сўз борган. Қайд этилишича, Россия йўқотилган ҳажмни Қора денгиз минтақасидаги «Турк оқими» орқали етказиб бериш билан қоплаши ҳам мумкин.
«Газпром» раҳбари Миллер эса компания техник жиҳатдан Қора денгизда транспорт иншоотларини қуришга ва Туркия-Евроиттифоқ чегарасида газ савдо майдончасини яратишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter