Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шимолий Кореяда шифохона туфайли амалдор қатл этилди

Шимолий Кореяда шифохона туфайли амалдор қатл этилди

Фото: «Voennoedelo.com»

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги ходими Европадан тиббий асбоб-ускуналар сотиб олишни таъминлай олмагани учун қатл этилди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Daily NK нашри хабар берди.

Юқори мартабали манбанинг сўзларига кўра, харидлар Пхеньяндаги умумий шифохона билан боғлиқ бўлиб, уни КХДР етакчиси Ким Чен Ин шахсан ўзи тезроқ очишни ва юқори сифатли ускуналар билан жиҳозлашни талаб қилган. 2020 йилнинг кузида фойдаланишга топширилиши керак эди, аммо ҳалигача бажарилмаган.

Таъкидланишича, март ойи охирида Ким тиббий асбоб-ускуналарни Хитойдан олиб келиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик тўғрисида хабардор қилинган. Aпрель ойининг охиридан етказиб беришни бошлаш ва йил охиригача шартномани тўлиқ ёпиш режалаштирилганди. Бу Шимолий Корея раҳбарининг ғазабини қўзғатди, чунки у шифохонага Европада, шу жумладан, Германияда ишлаб чиқарилган биринчи даражали тиббий ускуналарни ўрнатишни буюрганди.

«Daily NK» таъкидлашича, ёшлигида чет элда ўқиган Ким Европадаги тиббиёт муассасаларини энг яхши деб билади ва шу сабабли харидлар учун катта бюджет ажратган. Aммо Европадан ускуналар олиш унчалик осон бўлиб чиқмади: биринчидан, коронавирус пандемияси Осиёдаги транспортга халақит берган, иккинчидан, санкцияларга қарамай, уни Шимолий Кореяга олиб кириш йўлини топиш керак эди.

Шу билан бирга, мамлакат раҳбарининг қаттиқ ғазабланишига Хитойдаги харидларнинг ўзи эмас, балки шартнома унинг розилигисиз имзоланганлиги сабаб бўлган. Натижада ташқи ишлар вазирлигида импорт ва экспорт учун масъул бўлган 50 ёшли ходим қатл этилди. Бундан ташқари, мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқори лавозимли ходимларидан бири ишдан бўшатилди. Нашрнинг таъкидлашича, етказиб бериш юқори турувчи раҳбарият томонидан маъқулланган, аммо ўрта даражадаги ходимлар барча жавобгарликни ўз зиммаларига олишган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг