Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шимолий Корея ҳакерлари рекорд даражада маблағ ўмарди

Шимолий Корея ҳакерлари рекорд даражада маблағ ўмарди

Фото: The Korea Times

2022 йил давомида Шимолий Корея ҳукумати назоратидаги ҳакерлар бир миллиард доллар миқдоридаги маблағларни ўмаришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги БМТ ҳисоботига таянган ҳолда хабар берди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, кибержиноятчилар шу қадар маҳорат билан ҳаракат қилганки, ўғирланган виртуал маблағ ва криптовалюталарни кузатиш қийин кечган. Киберҳужумлар Шимолий Корея бош разведка идораси назоратидаги ҳакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилган.

«Сўнгги ойларда криптовалюталар қийматининг ўзгариши ўғирланган маблағ миқдорига таъсир этиши мумкин. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам 2022 йилда Шимолий Корея томонидан виртуал маблағларни ўмариш бўйича рекорд қайд этилди», – дейилади БМТ ҳисоботида.

Халқаро ташкилот хулосасига қараганда, ўғирланмаган маблағлар мамлакатнинг ядро ва ракета дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган.

DW нашри Шимол ҳакерлари рекорд даражада ўлжага олганига шу тарзда муносабат билдирди.

Ким Чен Ин бошчилигидаги Пхеньян маъмуриятининг ядро тадқиқотлари ва ракета синовлари дунё аҳлини ташвишга солмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил бошида Ким Чен Ин ядровий тактик қуролларни оммавий ишлаб чиқариш ҳақида буйруқ берди.

2022 йил октябрь ойида Шимолий Корея беш йил ичида биринчи марта Япония устидан ракета учирди.

Декабрь ойининг сўнгги кунларида Шимолнинг учувчисиз учоқлари Жанубий Корея билан чегарани кесиб ўтди. Сеул бунга жавобан қирувчи самолётлар ва ҳужум вертолётларини ҳавога кўтарди.

Янги йилнинг илк куни ҳам Пхеньян кичик масофага учувчи баллистик ракеталарни синаб кўрди. БМТ маълумотларга қараганда, 2022 йил давомида Ким Чен Ин маъмурияти 73 та баллистик ракета учирган.

Ўтган йили Politico нашри агар Ким Чен Ин ўлдирилса, ядро сиёсати ҳақидаги янги фармонга мувофиқ Шимолий Корея «автоматик равишда ва дарҳол» ядровий зарба билан жавоб қайтариши ҳақида хабар берган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг