Қирғизистонда узрли сабабларсиз сайловда қатнашмаганларни жаримага тортиш таклиф этилди
Қирғизистонда сайловчиларнинг президентлик ёки парламент сайловларига узрли сабабларсиз келмагани учун жарима солишни назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси 21 ноябр куни мамлакат парламенти (Жогорку Кенеш) депутатлари томонидан кўриб чиқилиб маъқулланган.
Конституциявий қонун лойиҳаси «Президентлик ва Жогорку Кенеш депутатлари сайлови тўғрисида»ги қонун ҳамда Жиноят кодексига ўзгартириш киритилишини назарда тутади. Қонун билан Қирғизистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча фуқаролар президентлик ва парламент сайловларида қатнашиши шартлиги белгиланмоқда. Фақатгина узрли сабабларга эга шахслар бундан мустасно.
Парламент матбуот хизматига кўра, таклиф ташаббускори депутат Тазабек Икромов, қонун лойиҳасини қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад «фуқароларнинг сайлов ва референдумларда ўз ваколатларини тўғридан-тўғри амалга оширишини тўлиқ таъминлаш»дан иборат.
Икромовнинг сўзларига кўра, муҳокама чоғида айрим депутатлар сайловда иштирок этмаслик ҳуқуқини берувчи узрли сабаблар рўйхатини, шунингдек, жарима солиш ва ундириш тартиби ва механизмларини қонун билан белгилаб қўйишни таклиф этишган. Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳасига қарши чиққанлар у мамлакат конституциясининг амалдаги нормаларига зидлигини, чунки «сайлаш ва сайланиш» ҳуқуқи фуқароларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи эканини таъкидлашган.
Тазабек Икромов таклиф қилган ўзгартиришлар кучга кирган тақдирда узрли сабабларсиз сайловда қатнашмаган қирғизистонликлар 5 минг қирғиз сўми (Ўзбекистон Марказий банкининг 22 ноябрдаги курси бўйича 688 минг сўм) миқдорида жаримага тортилишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter