Бу ҳали ҳолва: Санна Марин 11 нафар аёлни вазир қилмоқчи
Европа иттифоқида раислик қилаётган Финляндия ўтган якшанба янги бош вазирли бўлди — ҳукмрон социал-демократлар партияси кенгаши транспорт вазири, 34 ёшли Санна Марин номзодига ишонч билдирди. 10 декабрь куни парламентда ҳам кўпчилик Маринни ёқлаб овоз берди.
Санна Марин лавозимида атиги олти ой турган, почтачилар иш ташлаши оқибатида истеъфога чиққан Антти Ринненинг ўрнини эгаллайди. Жаҳон ҳамжамияти эътиборини биринчи галда тортган жиҳат эса фин ҳукумати тепасига жаҳонда ишлаб турган барча ҳамкасбларидан ёш инсоннинг келиши бўлди.
Шу чоққача рекорд 39 ёшли янги зеландиялик Жасинда Ардернни ортда қолдирган украиналик Алексей Гончарукка тегишли эди. Аёл боши билан катта сиёсат остонаси ҳатлаб ўтган ёш Маринни бу жиҳатлар зиғирча ташвишга солаётгани йўқ, унинг учун сиёсат йўлига қадамга ташлашга ундаган омиллар, сайловчилар ишончи муҳимроқ.
Санна Маринни медиа олами «Инстаграм авлоди» дея таърифлайди — ижтимоий тармоқларда фаол, ҳатто шахсий, оилавий сирларигача қолмаган...
«Юқори синфларда ўқиб юрганимда, сиёсат ичида юрган одамлар мутлақо бошқача, уларнинг келиб чиқиши ўзгача деган фикрда юрардим. Ўшанда вақти келиб ўзим ҳам бу жараёнга қўшилишим ҳатто ҳаёлимга ҳам келмаган», — дейди Санна Марин.
Санна отасининг кимлигини билмайди. Онаси ёлғиз катта қилган. Ўсмирлигида новвойхонада ишлаган Санна кейин эса Тампередаги университетга ўқишга кирди. Бошқарув фанлари магистри даражасини 2017 йили — сиёсий карьераси жадал юришиб кетган бир пайтда олди.
Шаҳар кенгаши депутатлигидан — бош вазирликкача
Санна Маринни сиёсат олами «қучоқ очиб кутиб олган» десангиз, адашасиз: 2008 йили Финляндиядаги учинчи катта шаҳар — Тампередаги муниципал сайловларда биринчи марта қатнашганида омади чопмаган. Балки 23 ёшдалиги учун қўлидан бир иш келишига биров ишонмагандир... Орадан тўрт йил ўтди, яна Тампере. Бу сафар Марин депутат бўлишдан ташқари, орадан бир йил ўтиб, шаҳар кенгаши бошқарувини ҳам ўз қўлига олди. 2017 йилгача тамперелик депутатлар фаолиятини бошқарган Маринни кейин яна сайлашди.
Шунинг баробарида унинг партиядаги ишлари ҳам юришиб кетди. Бўлғуси бош вазир сиёсий майдонга кириб келишидаёқ тақдирини социал-демократлар билан боғлаганди. Партия ёшлар қанотидан фаолиятини бошлаган Марин 2019 йил бошига келиб партия раиси Антти Ринне ўринбосарлигигача кўтарилди. Ринне ҳукуматида Маринга транспорт вазирлиги тегди. Ва ниҳоят, Антти Ринне 8 декабрь куни истеъфо берганидан кейин, социал-демократлар партияси озгина овоз фарқи билан Санна Марин номзодини бош вазирликка тавсия этди.
Эвтаназия тарафдори НАТОга қарши
Гарчи ўзи ҳам шу партиядан чиққан бўлишига қарамай, Санна Марин социал-демократларни кўп танқид қилган. Масалан, унинг фикрича, XXI асрда социал-демократлар одамларнинг даромадлари, умуман, уларнинг ўртасидаги тафовутни камайтириш учун етарлича куч сарфламаган.
2015 йилги парламент кампаниясида бўлғуси бош вазир ядро энергетикасини ривожлантириш ҳамда НАТОга аъзо бўлишга қарши чиққанди. Шимолий Атлантика альянси масаласи тушунарли — Финляндияда НАТОга аъзолик масаласини анъанавий равишда аҳолининг оз сонли қисми қўллаб келади. Санна Марин ижтимоий таъминот сифатли ва ҳаммабоп бўлиши, халқи саломатлигини яхшилаш тарафдори, эвтаназия (беморларни, уларнинг розилиги ва врачлар билан келишган ҳолда, тузалмас касалликлар азобларидан фориғ қилиш мақсадида инъекция воситасида ўлдириш)га қаршимас.
Илгариги ўнг-марказчилар ҳукумати қўллаган қаттиқ иқтисодиёт чораларига барҳам беришга ваъда берган социал-демократлар 2019 йил апрелидаги сайловларда миллатчилар — «Ҳақиқий финлар» партияси устидан озгина тафовут билан ғалаба қозонишади.
Антти Ринне истеъфосидан сўнг ҳам беш сиёсий партиядан иборат коалиция бошланган ишларни (ижтимоий таъминот ва инфратузилма учун харажатларни сезиларли ошириш, Финляндияни 2035 йилгача углероддан холи мамлакатга айлантириш каби лойиҳалар) биргаликда давом эттиришга келишиб олди.
Санна Марин — Финляндия тарихида бош вазир бўлган учинчи аёл. Аммо коалицияга бирлашган барча партияларнинг раҳбарлари ҳам аёллар! Бунақаси биринчи марта кузатилиши. Бунинг устига ўша беш нафар сиёсатчининг тўрт нафари 35 ёшга ҳам тўлмаган: Ли Андерсон (Сўл альянс) — 32 ёш; Мария Охисало (Яшиллар лигаси) 34 да; Катри Кульмуни (Марказ партияси) — 32 ёш; булар орасида энг ёши улуғи Финляндия швед халқ партияси етакчиси Анна-Майя Хенрикссон — 55 ёшда.
Бу ҳали ҳолва...
Санна Марин тақдим этган бўлғуси вазирлар рўйхатига қарайдиган бўлсак, 18 та вазирдан 11 таси аёллар бўлиши эҳтимоли катта. Финляндия собиқ бош вазири Александр Стубб «аёллар коалицияси»га ижобий муносабат билдирди: «Бу шундан далолатки, Финляндия — замонавий ва илғор давлат. Менинг партиям ҳукуматга кирган эмас, бироқ бешта коалицион партиянинг етакчилари аёллар эканлигидан мамнунман».
Воқеаларнинг ҳозирги ривожига назар солсак, социал-демократлар бошчилигидаги беш сиёсий партиядан иборат коалиция Финляндия парламентидаги 200 тадан 117 ўринни банд этган.
Яқин кунларда депутатлар Санна Марин номзоди ҳамда унинг ҳукуматига аъзоларни тасдиқлаши кутиляпти, шундан сўнг у мамлакати ҳукумати номидан кейинги ҳафта охирида Европа иттифоқи саммитида қатнашади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter